Буюк Британия қироличаси Елизавета II 8 сентябр куни 96 ёшида вафот этди. Ўлим куни қироллик оиласи аъзолари Шотландиядаги Балморал қалъасига, Лондон аҳолиси эса Букингҳем саройи олдида тўплана бошлади. Қиролича вафотидан кейин Виндзор қасрида давлат байроғи мотам белгиси сифатида пастга туширилди. Буюк Британияда 10 кунлик миллий мотам эълон қилинди, у дафн маросимига қадар давом этади. 73 ёшли шаҳзода Чарлз янги қирол деб эълон қилинди.

Янги қиролнинг исми нима? Буни ким аниқлайди?

Қиролнинг исми Чарлз III бўлади – номни шаҳзода Чарлзнинг ўзи танлаган. Бу унинг тахтдаги биринчи қарори бўлди. Умуман олганда, монарх ўзининг тўртта исмидан исталган бирини танлаши мумкин эди – Чарлз, Филипп, Артур ёки Жорж.

Қирол исмидаги рақам ҳам кетма-кет танланади. Тарихда Чарлз I ва Чарлз II каби қироллар ўтгани сабабли, янги монарх III рақамини танлаган.

Қирол исми турли тилларда ҳар хил шаклда қўлланмоқда. Масалан, испанча – Карлос, португалча – Карлуш, французча – Шарл, чех тилида – Карел, можар тилида – Кароли, руминчада – Карол, италянчада – Карло ва ҳ.к. Немис тилида ҳам Чарлз, ҳам Карл ишлатиляпти. Россияда, XIX асрнинг охиридан буён шаклланган анъанага кўра, Британия қироллари немисча тарзда номланади: Жорж эмас, Георг, Уилям эмас, балки Вилгелм, Чарлз эмас, Карл сифатида.

MIRRORPIX / GETTY IMAGES

Нега Чарлз матбуотда қирол деб номланмоқда? Тож кийиш ва бошқа расмиятчиликларни кутиш керак эмасми?

Йўқ, қиролича вафот этган вақтда, тахт зудлик билан ва ҳеч қандай маросимсиз меросхўрига, Уэлс шаҳзодасига ўтди.

Ўрта аср инглиз ҳуқуқида Rex nunquam moritur тамойили бор эди, бу ибора «қирол ҳеч қачон ўлмайди» деб таржима қилинади.

«Қирол ўлди, яшасин қирол!» ибораси эса ўрта асрларда француз тилидан инглиз тилига кўчиб ўтган. У сиёсий тамойил ҳисобланади: тахтдаги шахс ўлиши мумкин, аммо сиёсий феномен сифатидаги суверен абадий мавжуд. Бу қоида олий ҳокимиятни топширишда юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ва келишмовчиликларнинг олдини олиш учун жорий қилинган.

Қирол қандай тасдиқланади?

Кейинги ўн кунлик маросимларнинг аксарияти қиролича Елизаветага бағишланади. Шу билан бирга, битта расмий процедура барибир ўтказилади – қиролича ўлимининг эртаси куни соат 10:00 да, Сент-Жеймс саройида Тахт ворислик кенгаши тўпланади ва Чарлз III Британиянинг янги қироли бўлгани эълон қилади.