Ўзбекистон | 23:02 / 10.09.2022
29872
15 дақиқада ўқилади

Таълимдаги можаролар, ёпилаётган Самарқанд, яна ўша жиноятлар — ҳафта дайжести

2-3 баробар қимматлаган дарсликлар: “парда ортидаги ўйинлар” деб муаллифлар нимани назарда тутяпти? Тошкентда яна иккита яшил ҳудуд йўқ қилинди: ерни бериб юборгандан ҳеч ким сўрамайдими? Самарқанд ШҲТ саммити арафасида: аҳолига қанақа чекловлар бўлади? Якунланаётган ҳафтанинг шу ва бошқа мавзулари – Kun.uz дайжестида.

Биринчи қўнғироқ, ётоқхона ажиотажи, тирбандликлар. Таътил тамом

Ўзбекистонда ёзги таътил тугаб, дарслар бошланди. Миллионлаб ота-оналар ва болалар учун бу ҳафта бундан каттароқ воқеа бўлмаган бўлса керак. Душанба куни 700 мингдан ортиқ бола илк марта мактаб партасида ўтириб, биринчи устози билан танишди.

Мактабларнинг жами ўқувчилари сони 6,5 миллионга яқинлашди. Бу бутун бошли Туркманистон, Дания ёки Сингапур аҳолисидан кўпроқ дегани. Умуман, БМТга аъзо давлатларнинг 42 фоизида фуқаролари сони 6 миллионга ҳам етмаслигини инобатга олсак, аҳолимизнинг бундай кўпайиб бориши ҳар жиҳатдан қувончли.

Бу йил талабалар сони ҳам биринчи марта бир миллионга етди. Таққослаш учун, 2016 йилда талабалар сони бундан 5 баравар кам, 200 минг атрофида бўлган. Ўз навбатида, бундай кескин ўсиш айрим муаммоларнинг долзарблигини янаям оширяпти. Улардан бири – ётоқхоналар масаласи.

Фото: Мадина Аъзам / Gazeta.uz

Ҳафта бошида Талабалар шаҳарчаси юклари билан келиб, ётоқхонадан жой берилишини кўчада кутаётган талабалар ва ота-оналар билан тўлди. Расмий маълумотларга кўра, Тошкентда талабалар турар жойи учун талабгор студентларнинг 47 минг нафарига ётоқхоналарда жой етмаяпти.

Тегишли қарорга кўра, 5 йил ичида талабалар учун 100 минг ўринли ётоқхоналар қурилиши керак. Лекин бу режанинг бажарилиши даргумон. 2022 йилда Тошкентда қурилиши керак бўлган 11 та ётоқхонадан ҳозирча фақат биттаси тайёр. Бу борада эълон қилинган субсидиялар тадбиркорларни қизиқтира олмагач, субсидиялар миқдори уч бараварга кўпайтирилган ва бу энди натижа беришидан умид қилиняпти.

Муаммо ечими бўйича олий таълим вазири ва Тошкент шаҳар ҳокими ўз таклифлари билан чиқди. Вазир Абдуқодир Тошқуловнинг айтишича, талабаларга ижара пулининг ярмини қоплаб бериш учун улардан ижара шартномаси сўралмайди. Ҳозир тегишли ҳужжат лойиҳаси тайёрланяпти.

Пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев эса Яшнобод туманидаги Tashkent Index номли савдо ва ишлаб чиқариш мажмуаси биносини талабалар учун ётоқхонага айлантириб, у ерга 10 минг талабани жойлаштиришни таклиф қилди. Мажмуа қисқа муддатда ётоқхонага айлантирилиши кутиляпти.

Супер-контрактчиларга янги-янги имкониятлар

Фото: Kun.uz

Талабалар сонининг 1 миллионга етишида супер-контракт тизими пайдо бўлганининг ҳам озми-кўпми ўрни бор. Ҳозир имтиҳонга кириб чиқсангиз бўлди, ҳатто 1 балл тўпласангиз ҳам талаба бўла оласиз. Шу ҳафта чиққан қарор билан супер-контрактда ўқиш имконияти янаям кенгайди.

Энди абитуриент ўзи танлаган биринчи йўналишга балли етмаган, лекин 2-, 3-, 4- ёки 5-йўналишлардан бирига ўқишга кирган бўлса, унда ўз хоҳиши билан биринчи танлаган йўналишида супер-контрактда ўқишига рухсат берилди.

Имтиҳондан йиқилган, яъни бешала йўналишнинг бирортасига ҳам киролмаганларга бундан-да каттароқ имконият берилди: энди улар бешта йўналишдан хоҳлаган биттасини танлаб, супер-контрактда ўқиши мумкин.

Бундан ташқари, хориждан ва Ўзбекистондаги нодавлат ОТМлардан ўқишини давлат ОТМларига кўчириш учун ариза берган ва тестда ўтиш балини ололмаган талабгорлар ҳам, агар ўзлари хоҳласа, супер-контракт асосида ўқишлари мумкин бўлди.

Супер-контрактга 10 фоиз чегирма “переводчилар”га ҳам берилади.

Бу янгиликлар супер-контракт мавзусидаги баҳсларга яна туртки бўлди. Ўқишга билим билан эмас, расман пул билан кирган шифокор қўлида даволанишга, шундай архитектор қурган уйда яшашга сиз рози бўлармидингиз?

Олий таълим вазири Абдуқодир Тошқуловнинг ишонтиришича, етарли билими йўқ бола супер-контракт билан ўқишга кириши мумкин, лекин битиролмайди. У кредит-модул тизими олийгоҳлардаги коррупцияни камайтира олишини даъво қилди ва бунинг учун 1 йил вақт сўради.

“Бу йил фақат сифатга ишланади. Натижалар бўлади. Неча фоиз талаба битиролмагани, шундан неча фоизи супер-контрактда ўқиганини ҳали эшитасиз”, – деди Тошқулов.

ШҲТ саммити: Самарқанддаги чекловлар ва геосиёсий фон

Фото: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати

5 сентябр куни ҳамма жойларда ҳам дарслар бошлангани йўқ. Самарқанд шаҳридаги мактабларда дарслар 19 сентябрдан, олийгоҳ ва техникумларда эса 26 сентябрдан бошланади.

Шаҳарда 15-16 сентябр кунлари бўлиб ўтадиган Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммитига катта тайёргарлик кўрилди, хавфсизлик чоралари кучайтириляпти. Саммит сабаб бир неча кун давомида Самарқанд шаҳрига кириш транзит транспортлар учун ёпилади, шаҳардаги 16 та кўчада транспортлар ҳаракати чекланади, бу чекловлар жамоат транспортига ҳам тааллуқли бўлади.

Аввалига саммит бўлиб ўтадиган сайёҳлик маркази яқинидаги масжидларда 16 сентябр куни жума намози ўқилмаслиги айтилганди, кейинроқ бу маълумот рад этилди. Саммит кунлари Самарқанддаги тўйхоналар ишламаслиги ҳақидаги миш-мишларга ҳозирча аниқлик киритилмади.

Шу ҳафта маълум бўлишича, 8 та давлат аъзолигидаги ташкилот саммитида 15 та давлат раҳбари жам бўлади. Яъни аъзо давлатлардан ташқари, Эрон, Мўғулистон, Туркия, Озарбойжон, Туркманистон ва Арманистон раҳбарлари, шунингдек, йил бошидан бери Ўзбекистоннинг манзилига икки марта номақбул гаплар айтишга улгурган Беларус президенти ҳам келади.

ШҲТнинг 2020 ва 2021 йиллардаги саммитлари пандемия сабабли онлайн форматда ўтказилган эди. Охирги офлайн учрашув 2019 йилда, Бишкекда бўлиб ўтган. Ўшанда Хитой раиси Си Жинпинг Қирғизистон ва Тожикистонга бирйўла давлат ташрифларини ҳам амалга оширган. Бу сафар эса у Самарқанд саммити арафасида Қозоғистон ва Ўзбекистонга давлат ташрифлари билан келади. Маълумот ўрнида, Хитой раҳбари пандемия туфайли 2020 йил бошидан бери хорижий сафарларга чиқмаган.

Саммит Украина уруши фонида бўлиб ўтаётгани, унда Эрон ташкилот аъзолигига расман қабул қилиниши, умуман олганда, санкцияга учраганлар ва санкцияларга қўшилмаганлар бир жойга йиғилаётгани бу сафарги ШҲТ саммитини аввалгиларидан ажратиб турибди.

Айниқса рус нашрлари ШҲТни Ғарбга қарши блок сифатида кўрсатишга уриняпти. Ҳафта давомида ШҲТ, Ўзбекистон ва Тожикистон расмийлари томонидан бунга жавобан тегишли баёнотлар янграган бўлса-да, кўриниб турибдики, Россия томонидан Самарқанд саммитига имкон қадар мафкуравий тус беришга интилиш бор. Бу эса Марказий Осиё давлатлари, айниқса саммит мезбони бўлмиш Ўзбекистоннинг манфаатларига зид.

Умуман олганда, Марказий Осиё давлатларининг манфаатлари шундаки, улар у ёки бу қутбдан бирини ташлашга мажбур қилинмаслиги, гўёки қайсидир держава томонида тургандек кўрсатилмаслиги керак.

Дарвоқе, саммит арафасида Владимир Норов “в.б.” қўшимчасидан халос бўлиб, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири лавозимига тасдиқланди. Уни Президент администрацияси раҳбари, аввалроқ ташқи ишлар вазири лавозимига номзоди кўриб чиқилгани айтилган Сардор Умрзоқов жамоага таништирди.

Ижара нархидан бошланган дарслик машмашаси кенг кўламли “ревизия”га етаклади

Фото: Kun.uz

Ўтган ҳафта мактаб дарсликлари ижараси учун ота-оналардан йиғиладиган тўловлар 2-3 баробарга ошиб кетиши норозиликларга сабаб бўлган эди. Шу норозиликлар сабаб бўлиб, давлат конституцияда ёзилган мажбуриятини ниҳоят зиммасига олди: дарсликлар ва машқ дафтарлари ижараси тўлиқ бюджетга ўтказилди. Эслатиб ўтамиз, Конституциянинг 41-моддасида: “Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади”, деб ёзилган.

Ота-оналардан пул йиғилмайдиган бўлгани муаммо ҳал дегани эмас. Ижара нархлари 2-3 баробарга ошиб кетиши – дарсликларнинг катта қисмини битта хусусий компания нашр этаётгани фонида рўй бергани албатта шубҳали. Биз ўтказган журналистик суриштирувда маълум бўлишича, дарслик чоп этиш бўйича камида 16 та лотда “KOLORPAK” МЧЖ ғолиб чиққан. Бу компания аввалига “Ўқитувчи” нашриётининг биносини нол қийматда қўлга киритиб, кейин нашриётнинг ўзини ҳам хусусийлаштириб олган.

KOLORPAK'нинг эгаларидан бири – Akfa компаниясининг собиқ директори Исмоил Исроилов. Айрим манбаларда у Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг жияни экани айтилади. Кўплаб буюртмалар битта компания қўлида тўпланиб, нархлар бирданига ошиб кетган бу соҳа ҳозирда Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов топшириғи асосида тафтиш қилиняпти. Умрзоқов дарсликлар нашр этишда коррупцион схемаларга йўл қўймаслик шартлигини таъкидлаган.

Шу билан бирга, нафақат чоп этиш масалалари, балки дарсликларнинг мазмуни ҳам қайта кўриб чиқиладиган бўлди. Бу жараёнга раҳбарлик қилаётган администрация раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов жамоатчиликка мурожаат қилиб, мактаб дарсликларига оид муаммолар ҳақида хабар бериш, таклифлар жўнатишни сўради. Унинг айтишича, 4 соат ичида почтасига 1278 та мурожаат келиб тушган.

Орадан бир кун ўтиб, янги авлод дарсликларини яратган муаллифлар президентга мурожаат билан чиқди. Улар дарсликлар экспертизаси “парда ортидаги ҳар хил ўйинлар”га айланиб кетмаслиги кераклигини айтишди.

“Биз дарсликлар мазмуни ўрганилишига қарши эмасмиз, лекин баҳони холислар берсин. Методикадаги замонавий тенденцияларни тушунадиган мутахассислар, холис экспертлар баҳо берсин. Бунинг ортида ўзининг қандайдир бизнес манфаатларини кўзлаётган манфаатдор шахслар, манфаатдор чиновниклар баҳо бермасин. Чунки бу ҳолатда баҳо холис бўлишига ҳеч қандай кафолат йўқ”, – деди мурожаатчилардан бири Комил Жалилов.

“Ташаббусли бюджет”да овоз беришнинг охирги ҳафтаси бошланди

Фото: Ижтимоий тармоқлар

“Ташаббусли бюджет”даги лойиҳаларга овоз йиғиш жараёни қизғин паллага кирди. Аввалги мавсумларда бўлганидек, бу гал ҳам одамлар ўзлари тўлаётган солиқлардан йиғилган пуллар ўзлари истаган жойга сарфланишига эришиш учун ҳаракат қиляпти. Фаоллар маҳаллаларда, жамоат жойларида, ижтимоий тармоқларда ўз таклифларига пул ажратилиши учун овоз тўплаяпти, бунинг учун газли ичимликлар ҳам таклиф қилишяпти.

Қатор жамоатчилик фаоллари бу жараённи олқишламоқда. Ҳақиқатан ҳам, “Ташаббусли бюджет” аҳолининг эркин сайловларга гўёки тайёр эмаслиги ҳақидаги гаплар афсона эканини яна ва яна исботлаяпти. Иқтисодчи Отабек Бакиров буни образли тарзда “парламентнинг бошланиши” дея таърифлади. Ҳарвард университети докторанти Ботир Қобилов бу лойиҳа аслида Олий Мажлис қилиши керак бўлган ишни қилаётганини айтди.

Лойиҳадаги одамлар фаоллигидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, халқ сайлаган депутатлар халқ пулини улар истагандек тақсимлайдиган кунлар келмагунча “Ташаббусли бюджет” каби лойиҳалар албатта бўлиши шарт. Уларга ажратиладиган пуллар кўпайтирилиши ҳам керак. Бундай жараёнларни тўхтатишга уриниш – одамлардан ўз солиқларини қаерга ишлатишни ўзлари ҳал қилиш имконини олиб қўйиш билан баробардир.

Якунланаётган ҳафтада “Ташаббусли бюджет”даги айрим лойиҳалар қисқа муддатда шубҳали равишда минглаб овозлар тўплаётгани ҳақида мурожаатлар пайдо бўлди. Молия вазирлигининг маълум қилишича, овоз бериш жараёни якунланганидан кейин ҳамма овозлар қайта текшириб чиқилади. Таъкидлашни истардикки, бу каби техник масалалар албатта ечим топиши, шу билан бирга, лойиҳа келажаги сўроқ остига қўйилишига сабаб бўлмаслиги керак.

Тошкентда яна 100 та дарахт нобуд бўлди

Учтепа тумани, Лутфий ва Катта Хирмонтепа кўчаларининг кесишмасидаги трамвай депоси майдони. 2005 йил июл ва 2022 йил август ойларидаги ҳолат
Фото: Maxar / Google Earth

Дарахт кесишга мораторий оёқости бўлишда давом этяпти. Бир ҳафта ичида Тошкент яна иккита яшил ҳудудидан айрилди. Чилонзор кўчасида йўл бўйидаги юздан ортиқ дарахтга зарар етказилганига бир ой ҳам бўлмай, худди шу кўчада, туман прокуратураси рўпарасида 58 туп дарахт кесиб ташланди. Учтепада эса 42 туп дарахт жойидан кўчирилган ва улар қуриб қолган. Фаолларнинг айтишича, дарахтлардан асар ҳам қолмаган бу ерни истироҳат боғига айлантириш ҳақидаги режалар бўлган, лекин охир-оқибат ҳудуд барибир сотилиб кетган.

Бу икки қонунбузарликнинг тарихи жуда ўхшаш. Аввало, ҳар иккала ҳудуддаги дарахтлар ҳақида жамоатчилик анчадан бери хавотир билдириб келаётган, масъулларни кутилган жиноятларнинг олдини олишга чақираётган эди, лекин ҳеч ким тайинли чора кўрмаган. Қолаверса, Тошкент шаҳар ҳокимлиги бу иккала ер майдонини тадбиркорларга 2020 йилда, яъни дарахт кесишга мораторий аллақачон амал қилаётган вақтда бериб юборган.

Ҳафта охирига келиб, Чилонзордаги ҳолат бўйича 3 киши ушланди, Тошкент шаҳар экология бошқармаси бошлиғи Фарҳод Деҳқонов қамоққа олинди (эртасига қўйиб юборилгани маълум бўлди). Бу янгиликлар билан бир вақтда, энди Гулистондаги истироҳат боғида 16 туп дарахт кесиб ташлангани маълум бўлди.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Айрим мактаблардаги 1-синф ўқувчиларига берилган Президент совғалари / Фото: Kun.uz

Сурхондарё ҳокими Тўра Боболов Ангор прокурорини сўкканидан президент хабардор экани маълум бўлди. Шавкат Мирзиёев селекторда янги мактаблар қурилиши ва таъмирланиши бўйича вазифаларни бажармаган ҳокимларга танбеҳ бериб, улар орасида Боболовга алоҳида тўхталди. “Сен прокурор билан телефонда гаплашишдан олдин мактаблар қурилишини жойига қўйиб қўй. Чарчаган бўлсанг, ишдан оламан сени ҳам”, – деди давлат раҳбари.

Навоий вилоятидаги кам таъминланмаган оилаларга мактаб формаси учун ажратилган пуллар “туя қилинди”. Kun.uz'нинг аниқлашича, 1650 та эҳтиёжманд оиладаги ҳар бир ўқувчига форма учун 300 минг сўмдан нақд берилиши керак бўлган, лекин бу пул рўйхатдаги ҳаммага ҳам етиб бормаган. Хатирчида эса пул эмас, нархи 300 минг сўмдан арзон мактаб формаси тарқатилган ва одамлардан гўёки улар нақд пул олгани ҳақидаги ҳужжатга имзо қўйдириб олинган.

1-синфга борган айрим қизалоқларга қоп-қора рюкзаклар берилди. Айримлар учун бу янгилик бўлмаслиги мумкин, лекин Президент совғаси масаласи ҳам дарслик ва форма можаролари фонида халқ таълимидаги муаммолар кўламини кўрсатиб беради. Бу рюкзакларга қараб, бозорда сотилмай қолган маҳсулотни Президент совғаси сифатида ўтказиб юборишган деган хаёл келади. Айрим ўғил болаларга эса қизлар учун мўлжалланган гулли сумкалар берилган.

Ўтган ойда Олий суд раис ўзгарганидан кейин, маҳкамада жиддий кадр алмашинувлари рўй бермоқда. Kun.uz ёзганидек, иши судяларни оқлаб беришдан иборат бўлиб қолган Олий суд Мурожаатлар билан ишлаш бошқармасининг барча ходимлари ёппасига ишдан четлатилган. Уч нафар судьядан ишдан бўшаш ҳақида ариза олинган.

Сиз ортда қолаётган ҳафтада Ўзбекистонда рўй берган асосий воқеа-ҳодисалар дайжестини томоша қилдингиз. Тезкор, аниқ ва холис янгиликларни Kun.uz'да кузатишда давом этинг. Дам олиш кунингиз мароқли ўтсин!

Мавзуга оид