Жаҳон | 13:16 / 13.09.2022
10200
2 дақиқада ўқилади

Арманистон Озарбойжон билан можаро бўйича Россиядан ёрдам сўради

Озарбойжон билан қуролли можаро туфайли Арманистон Россия, КХШТ давлатлари ва БМТ Хавфсизлик кенгашига мурожаат қилди. Арманистон-Озарбойжон чегарасида вазият ниҳоятда кескинлигича қолмоқда.

Фото: kremlin.ru

Арманистон-Озарбойжон чегарасидаги жанглар фонида Арманистон Россия, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар, шунингдек, БМТ Хавфсизлик кенгашидан ёрдам сўради. Ереван Москвадан икки давлат ўртасидаги Дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам шартномасини фаоллаштиришни сўради, деб хабар қилди 13 сентябр, сешанба куни арман матбуоти.

Россия ва КХШТдан ёрдам сўраш қарори Арманистон бош вазири Никол Пашинян мамлакат Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказганидан сўнг қабул қилинган. Арманистон Мудофаа вазирлиги Тошкент вақти билан соат 9:00 ҳолатига кўра, Арманистон-Озарбойжон чегарасида вазият ниҳоятда кескинлигича қолаётгани, позицион жанглар давом этгани ҳақида хабар берди.

Вазирликнинг иддао қилишича, Озарбойжон Варденис, Сотк, Артаниш, Ишхонасар, Горис ва Капан аҳоли пунктлари йўналишида артиллерия, миномётлар, учувчисиз учиш аппаратлари ва йирик калибрли ўқ отиш қуролларини ишлатиб, ҳарбий ва фуқаролик инфратузилмасига зарба бермоқда. Ўн нафар ярадор касалхонага ётқизилган. Бироздан кейин бош вазир Пашинян Озарбойжон билан бўлган жангларда 49 арман ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлганини айтди. «Аммо шуни ҳам қайд этишим керакки, бу рақам, афсуски, якуний эмас», — дея қўшимча қилди Пашинян.

Ўз навбатида, Озарбойжон Мудофаа вазирлиги содир бўлаётган воқеаларда Арманистонни айблади. Вазирлик маълумотларига кўра, Арманистон «кенг кўламли провокация»ни амалга оширган, Озарбойжон армияси эса «ўқ отиш нуқталарини зарарсизлантирмоқда». Расмий Боку Озарбойжоннинг Арманистонга бостириб кириши ҳақидаги иддаоларни «абсурд» деб атади.

Озарбойжон матбуоти манбаларга таяниб, Озарбойжон ва Арманистон Тошкент вақти билан соат 10:00 дан бошлаб ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олганини хабар қилмоқда.

2020 йил кузидаги уруш натижасида Озарбойжон Тоғли Қорабоғнинг деярли ярмини ўз назоратига қайтарди, қолганларида эса Россия тинчликпарвар кучлари жойлаштирилди. Арманистонга Қорабоғдан қўшинларини олиб чиқиш буюрилди.

Мавзуга оид