Икки мамлакат чегараларидаги тўқнашувлар 12 сентябр тунида рўй берди. Арманлар Озарбойжон билан чегаранинг жанубий қисмидан мамлакат ичкарисидаги шаҳарларга ҳужум уюштирилганини хабар берди.
Озарбойжон Мудофаа вазирлиги эса «Арманистоннинг кенг миқёсдаги провокациясига айрим жойларда жавоб чоралари амалга оширилаётгани»ни таъкидлаб ўтди.
Чоршанба куни Арманистон бош вазири Никол Пашинян 10 квадрат километр ҳудуди Озарбойжон томонидан босиб олинганини айтиб чиқди.
Можаро нимадан келиб чиқди?
Алангаланаётган тўқнашув Тоғли Қорабоғ можароси билан бевосита эмас, билвосита боғлиқ — у Арманистон ҳудудида содир бўлмоқда.

Тоғли Қорабоғ масаласида Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги 90-йиллар бошидаги бир неча йиллик тўқнашувлар 2020 йилнинг кузида янгича куч билан ўт олиб, Арманистоннинг узил-кесил мағлубияти билан тугади. Ўт очишни тўхтатишга келишув асносида Озарбойжон Қорабоғнинг қарийб барча ҳудуди, шунингдек, илгари Арманистон томонидан босиб олинган барча туманлар устидан назорат ўрнатди.
Россия мўрт сулҳ устидан кузатув ўрнатиш учун икки минг нафар тинчликпарвар аскарлар жўнатди.
12 сентябр кунги тўқнашувлардан кейин ҳар икки томондан 170 нафардан ортиқ инсон ҳалок бўлгани айтилмоқда: Озарбойжон Мудофаа вазирлиги 71 нафар аскар ҳалок бўлганини баён қилди, Арманистон томони йўқотишлари сони камида 105 кишини ташкил этмоқда, маълумотлар ҳали аниқлаштирилмоқда.
Ҳарбий асирлар, гаровга олинганлар ва дом-дараксиз йўқолган фуқаролар бўйича Озарбойжон давлат комиссиясининг бугунги баёнотига кўра, Озарбойжон сўнгги икки кунда чегарадаги можарода ҳалок бўлган Арманистон қуролли кучларининг юзга яқин аскарлари жасадини бир томонлама тартибда арман томонига топширишга тайёр.
Томонлар нима демоқда?
14 сентябр куни Озарбойжон Мудофаа вазирлиги кундузги соат учдан бошлаб Арманистон қуролли кучлари бўлинмалари миномётлар ва артиллерия қурилмаларидан Келбажар ва Лочин тумани йўналишида дислокация қилинган Озарбойжон армияси позицияларини ўққа тутган.
Озарбойжон президенти Илҳом Алиев 14 сентябр куни Европа Иттифоқи вакили Тойво Кларк билан учрашувда Озарбойжон бор-йўғи Арманистон провокациясига жавоб бераётгани, таранглик учун бор жавобгарлик арман томонида эканини таъкидлаб ўтди.


















