10:51 / 19.09.2022
4881

АҚШ давлат котиби Алиевни Арманистон билан сулҳга амал қилишга чақирди

Озарбойжон президенти билан суҳбатда АҚШ давлат котиби уни Арманистон билан барча келишмовчиликларни тинч музокаралар йўли билан ҳал қилишга чақирди.

Фото: AP

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Озарбойжон президенти билан суҳбат чоғида уни Арманистон билан чегарадаги можарода ўт очишни тўхтатиш режимига риоя қилишга, қўшинларни олиб чиқиб кетишга ва Ереван билан барча муҳим келишмовчиликларни тинч музокаралар йўли орқали ҳал қилишга чақирди, деб хабар қилди 18 сентябр, якшанба куни АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати. 

14 сентябр оқшомидан бошлаб Ереван ва Бокунинг сулҳга келишиб олгани Арманистон Хавфсизлик кенгаши томонидан маълум қилиниб, у Озарбойжон билан бу борада ҳеч қандай ёзма ҳужжат ёки келишув мавжуд эмаслигига эътибор қаратди. 

Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги можаро 13 сентябрга ўтар кечаси яна авж олди. Арманистон Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Озарбойжон чегарадаги Варденис, Сотк, Артаниш, Ишханасар, Горис ва Капан аҳоли пунктлари йўналишини ўққа тутган. Бокуда Ереван Дашкесан, Калбажар ва Лочин йўналишларидаги чегарада «кенг кўламли диверсия»да айбланди. 

14 сентябр куни Арманистон бош вазири Никол Пашинян Арманистон-Озарбойжон чегарасидаги тўқнашувлар натижасида 100 дан ортиқ арман аскари ҳалок бўлганини маълум қилди. Эртаси куни, 15 сентябр куни Озарбойжон Мудофаа вазирлиги 12-14 сентябр кунлари Арманистон билан чегарадаги жангларда ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг янгиланган рўйхатини эълон қилди, унда 71 нафар ҳарбий хизматчи исми кўрсатилган. 

18 сентябр куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси раиси Нэнси Пелоси Арманистонга ташрифи чоғида Арманистон билан чегарадош ҳудудга Озарбойжоннинг «ноқонуний ва ҳалокатли ҳужумларини» қоралашини маълум қилди. 

Шу куни Ереванда бир неча юзлаб намойишчилар Арманистоннинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)дан чиқишини талаб қилиб, кўчаларга чиқди. Намойишчиларга кўра, ташкилот Озарбойжон томонидан Арманистонга қарши ҳужумларнинг олдини олиш учун ҳеч қандай чора кўрмаган. 

Аввалроқ, 14 сентябр куни Ереванда бир неча минг киши Пашинян Арманистоннинг Тоғли Қорабоғ ҳудудига бўлган даъволаридан воз кечишидан қўрқиб, унинг истеъфосини талаб қилган эди. 

Мавзу
Озарбойжон-Арманистон чегараси яна нотинч
13 сентябрга ўтар кечаси Арманистон мудофаа вазирлиги Озарбойжон қуролли кучлари тунда чегарадаги мамлакат қуролли кучлари позициялари ва аҳоли пунктларини ўққа тутгани ҳақида хабар берди.
Барчаси
Top