13:01 / 21.09.2022
12572

Боғчаларда гуруҳли касалланишлар кўпайди. Сенат кенгашида сабаблар таҳлил қилинди

Сўнгги икки ҳафтада 6 та ҳолатда боғчадаги болаларнинг касалланиши қайд этилди. СанЭпид хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабековнинг қайд этишича, МТТдаги гуруҳли касалланишнинг 4 та асосий омили бор. 20 сентябр куни Сенат кенгашининг навбатдаги мажлисида шу ҳақда гапириб ўтилди.

Нурмат Отабеков / Сенат матбуот хизмати

Нурмат Отабековнинг айтишича, сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ишлатилиши, овқат тайёрлаш технологик жараёнига риоя этмаслик, номутахассислар фаолият юритаётгани ва аксарият ҳолда ходимлар оддий санитария минимумини ўқимагани сабабли боғчаларда оммавий касалланишлар аниқланмоқда.

“Бир маълумотга эътиборингизни қаратмоқчиман. Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги 39-сонли мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчилар ўртасида бу каби ҳолат юзага келишига сабаб – озиқ-овқат маҳсулотини тайёрлаш учун шарт-шароитлар яратилмагани, маҳсулотларнинг қўшничилигига, кунлик таомномага риоя этилмагани, таомномага киритилмаган маҳсулот борлиги, қолаверса, қошиқларни ювиш бўйича ҳам элементлар шароитлар мавжуд эмаслигидандир”, деди у.

Маълумотларга кўра, айни вақт Ўзбекистонда 28 минг 12 та боғча бор. Шунинг 6 минг 300 таси давлатга тегишли бўлиб, қарийб 30 фоизи, яъни 1 минг 200 га яқини мослаштирилган бинога эга.

3 минг 48 та ҳолатда эса идиш-товоқларни ювиш учун шароит ҳам йўқ, яъни тоғоралардан фойдаланилади.

“Демак, мана шунга ўхшаган ҳолатларнинг ҳаммаси кейинчалик гуруҳли касалланишга сабаб бўлиши мумкин. Албатта, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати қандайдир назоратни амалга оширади, кимларга нисбатан чора кўради, қандайдир тадбирларни жой-жойига қўйишга ҳаракат қилади, лекин шароит имконият бермагандан кейин, қолаверса, ҳар битта тадбиркорлик субъектини назорат қилиш имкониятимиз йўқ бўлгандан кейин, албатта, муаммолар муаммога уланиб кетаверади”, – дейди Нурмат Отабеков.

Маълумот учун, айни вақт мактабгача таълим муассасаларининг 1 минг 185 таси аутсорсинг тизимига ўтган, 5 минг 145 таси эса ўз ошхонасига эга.

Top