Олдинги серияларда: Пол Погба шантажчилар таҳдидига учради. Бош ролда унинг акаси Матиас. Улар Полдан 13 млн евро талаб қилишди, акс ҳолда Мбаппе билан боғлиқ сирни ошкор қилиш билан қўрқитишди 

• Пол Погба шу йилнинг март ойида болаликдаги дўстлари ва милтиқ билан қуролланган, ниқобли одамлар таҳдидига дуч келган. Улар милтиқ ўқталиб, уни Париж чеккасидаги уйга олиб боришган ва профессионал футболчи бўлганидан бери ҳеч қандай молиявий ёрдам бермай қўйганликда айблашган. Икки шахс қурол ўқталиб, Погбадан сўнгги 13 йил давомида гўё уни қўриқлагани учун 13 миллион евро талаб қилишади – ҳар бир йил учун бир миллиондан. 

• Погба пул беришга рози бўлади ва бир амаллаб у жойдан чиқади. Аммо шантажчилар уни таъқиб қилишдан тўхтамайди. Жумладан, Пол апрелда Манчестерда ва июлда бир неча бор Туриндаги «Ювентус» қароргоҳи ёнида уларга дуч келган. Айнан ўша пайтда ниқобли одамлардан бири акаси Матиас эканини сезиб қолган. Шундан сўнг Пол «Ювентус» ҳуқуқшунослари ва хавфсизлик ходимларига нима воқеа юз берганини айтган. Кейин эса полицияга мурожаат қилган. 

• Погба полицияга болаликдаги дўстларига ҳар доим ёрдам бериб келганини, бу ўтган йилнинг январ ойигача, нохуш воқеа юз бергунга қадар давом этганини айтади. Унинг дўстларидан бири Манчестерда меҳмон бўлиб турганида картасидан 200 минг еврони ўғирламоқчи бўлади. Погба буни билиб қолиб, уни ҳайдаб юборади. 

• Мбаппенинг бунга нима алоқаси бор? Шантажчилар Погбани Мбаппе билан боғлиқ сирни ошкор қилиш билан қўрқитишади. Гўё у ўз оиласига яқин бўлган афсунгардан Мбаппени сеҳрлашни сўраганини оммага ёйиш билан таҳдид қилишади. 

Кейин нима бўлди: Полнинг акаси видеомурожаат қилди, аммо онаси футболчини қўллаб-қувватлади 

Воқеа тафсилотлари ошкор бўлгач, Матиас Погба ижтимоий тармоқлар орқали видеомурожаат қилди. Мана ундан айрим парчалар: 

• «Пол афсунгардан ёрдам сўраганини инкор қилмоқда. Аммо полицияга бошқача кўрсатма берган. Жумладан, «жароҳатлардан ҳимояланиш учун оиласига яқин бўлган афсунгарга пул бергани»ни айтган. 

• Пол болаликдаги дўстларига берган пуллари товламачилик оқибати эканини айтди. Аммо бу ўтказмалар расмий ҳужжатлар билан билан тасдиқланади, ахир бу тўловларнинг ихтиёрий эканини англатмайдими? Бу товламачиликка ўхшамайди, шундай эмасми? 

• Пол, унинг адвокатлари ва мухлисларининг барча изоҳлари фақат менинг номимни лойга булғашга қаратилган. У акасини шунчаки ҳасадгўй, пулга ўч ва ўзини обрўсизлантириш учун ҳамма нарсага тайёрдек тасвирлаяпти. У менинг номимдан очилган фейк аккаунтлардан шу мақсадда фойдаланмоқда.