Ташқи ишлар вазирлигида Исроил Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро ҳамкорлик маркази (МАШАВ) раҳбари, элчи Эйнат Шлейн билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё”.
МАШАВ Ўзбекистонда 1994 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида республика иқтисодиёти турли тармоқларидан минглаб мутахассислар Исроил ва Ўзбекистон минтақаларида МАШАВнинг кўплаб тренинглари, ўқув курслари ва семинарларида иштирок этди. Исроиллик экспертлар республикада қатор ижтимоий-иқтисодий лойиҳа ва дастурларни амалга оширишда маслаҳат ҳамда техник ёрдам кўрсатди.
Йиғилишда қишлоқ ва сув хўжалиги, тиббиёт ва соғлиқни сақлашни ривожлантириш дастурларини амалга ошириш, инновация ечимлари, бизнесни ривожлантириш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорликни жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Яқин келажакда ўзаро дастурлар сони ва ҳажмини ошириш юзасидан фикр алмашилди, тегишли йўналишларда янги лойиҳалар ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.












