Контракт

Энг арзон ва стипендиясиз контракт миқдори 6,4 млн сўм. Энг қиммати тўғрисида индамай қўяқолайлик. Чунки Ўзбекистонда ҳам қатор хорижий ва хусусий олий ўқув юртлари очиляпти ҳамда улардаги контракт тўлови 40-50 млн сўмгача етиши мумкин. Биз давлат тасарруфида бўлган юқори чегара – 11-12 млн сўмга тўхталамиз. Шу тарзда ўрта статистик контрактни йилига 8 млн сўм деб белгиласак бўлади. Бу эса ойига ўртача 670 минг сўм дегани.

Ижара

Бу харажат ҳам кескин фарқланувчан. Яъни талаба ўртача 200 минг тўлаб ётоқхонада яшаши ёки ўзига алоҳида квартира олиб, 300 долларни шақиллатиб санаб бериши ҳам мумкин. Шунингдек, вилоятлар, Тошкент ва турли шаҳарлардаги нархлар ҳам анча фарқланади.

Ётоқхоналар билан боғлиқ вазиятни кўрган ҳолда, биз ҳисоб учун талабалар одатда энг кўп қўллайдиган усул ва оммабоп нархни оламиз. Аксарият талабалар 4 киши бўлиб ўртача нархи 200 доллар бўлган квартираларни ижарага олишади. Бу бир кишига 50 доллар, ёки ойига 550 минг сўм дегани. Таъкидлаш шарт: бу ўрта статистик рақам!

Егулик

Талабанинг буханка нондан ўзга нарса емаслигига оид латифаларни кўп эшитганмиз. Лекин у ҳам тирик жон, инсон. Қолаверса, ҳозирги замонда йирик шаҳарлардаги аксарият умумий овқатланиш нуқталарининг мижозлари айнан талабалардир. Биз умумий шерикчилик тамойилидан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қиламиз. Яъни 4 кишилик, яна ҳаммаси ёш, яхши ейдиган рўзғорга бир ҳафталик бозорлик камида 400-500 минг сўм бўлиши лозим. Рақамнинг катталиги сабаби, ҳозирги кунда талабалар орасида уйидан озиқ-овқат олиб келиш анъанаси камайиб кетди. Чунки уйидагилар ҳам деярли ҳамма озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиб ейишади.

Бундан ташқари ойига ўртача 25 кун кўчада қилинадиган тушлик бор. Ҳозир талабалар учун ишлайдиган ижтимоий ошхоналар деярли қолмади ва ҳамма бозор иқтисодиётига юзланмоқда. Битта тушлик эса камида 15-20 минг.

Шу тарзда бир талаба егулик учун камида (!) 700 минг-1 млн сўм сарфлаб қўяди.

Транспорт

Талабалар ҳам кучайиб кетишган. Олдин ҳамма жамоат транспортида юрган бўлса, ҳозир такси улуши ҳам муттасил ошиб бормоқда. Ойига 25-26 кун қатновнинг 20 кунини жамоат транспортига, қолганини таксига ажратамиз. 20 кун ўртача 3 минг, бу 60 минг. 5 кун ўртача 12 минг – буям 60 минг сўм. Ҳар иккисига 120 минг сўм. Албатта, талабалар учун чиқарилган “проездной”лар олиш мумкин. Лекин улар ҳамма жойда амал қилмайди. Қолаверса, талаба фақат ўқишга бориб келиш билан чекланиб қолмайди. Демак 120 минг сўм ҳақиқатга яқин.