Нью-Йорк шаҳрида Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош ассамблеяси 77-сессияси доирасида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Сингапур ташқи ишлар вазири Вивиан Балакришнан билан музокаралар олиб борди.

Томонлар салоҳиятини инобатга олган ҳолда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, молиявий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистон-Сингапур мулоқотини жадаллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди. Режалаштирилган тадбирлар жадвали, улар ташкилий ва мазмунли жиҳатлари бўйича фикр алмашилди.

Иқтисодий дипломатияни ривожлантириш мақсадида "ақлли" шаҳарлар, "яшил" ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, ИТ-технологияларни жалб қилиш, транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш, туризм алмашинувига кўмаклашиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини ўрганиш таклиф этилди.

Гуманитар   йўналишда таълим, давлат хизматчилари малакасини ошириш, кадрларни биргаликда тайёрлаш соҳаларида тажриба алмашинувни йўлга қўйиш ҳамда икки мамлакат таҳлилий марказлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш учун имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.