Муфтий, бу мурожаати ижтимоий тармоқлардаги айнан бир домлага қаратилмагани, балки жамият учун умумий эканини таъкидлади. Шунингдек, бу шахсий фикрлар эмас, балки Мусулмонлар идораси уламоларининг фатвоси экани маълум қилинди.
«Кейинги пайтларда дилни хира қиладиган фойдасиз тортишув ва низолар ҳам авж олди. Бу каби тортишувлар инсонни фойдали илм олишдан узоқлаштириб, умрини беҳуда ўтказишига сабаб бўлади. Энг ёмони ушбу тортишувлар диний мавзулар атрофида бўлаётганидир. Ижтимоий тармоқларни кўрсангиз: диний мавзуларда тортишувлар, диний мавзуда мунозаралар кўпайиб кетди. Ва албатта бу одамлар орасида турли тафриқаларга, тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда», – дейди муфтий.
Шунингдек, баъзи аҳли илмларни воқеликка қарамай, турли гапларни айтишлари устоз кўрмасдан, диний илмларни яхши ўзлаштирмай дин номидан гапираётганларнинг «фатволари» жуда катта фитналарни келтириб чиқараётгани таъкидланди.
«Буларнинг бу гап-сўзларидан кейин жуда кўпчиликнинг онгида динга, хусусан, аҳли илмларга нисбатан салбий фикр пайдо қилишига сабаб бўлмоқда. Гўёки мана шуни гапираётиб хато қилган домлалар булар худди гўё дин мана шулар деб, тушуниб қолиняпти. Барча аҳли илмлар мана шундай деб ўйлаб қолиняпти. Натижада улар қаторида Аллоҳнинг динига холис хизмат қилаётган тақволи, парҳезкор, олим устозлар ҳам ўшалар қаторида кўриниб қолмоқда. Бу жуда катта мусибат.
...Қуръони каримнинг «Наҳл» сураси 125-оятида Аллоҳ шундай марҳамат қилади:
«Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мужодала эт. Албатта, Роббинг Ўз йўлидан адашганларни ўта билгувчи ва ҳидоят топгувчиларни ҳам ўта билгувчидир».
Ушбу ояти карима Аллоҳ ҳақ азза ва жалланинг бизга даъват қилиш услубини ўргатган таълими. Ушбу оятда Аллоҳ Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни инсонларни даъват қилишда мазкур уч сифатга амал қилишга буюрмоқда. Учта сифат: Аллоҳнинг йўлига чақиришда ҳикмат, мавъизаи ҳасана ва улар билан чиройли (мужодала) муомала қилишга чақирилмоқда. Оятдаги «ба» ҳарфи араб тили қоидаларида «мулобаса» дейилади, яъни «ҳамроҳ бўлиш» (маъносида). Агар биз оятни шу қоидага мувофиқ таржима қиладиган бўлсак, мана шунга кўра, Аллоҳ йўлига чақирувчи кишига икки сифат: ҳикмат ва гўзал мавъиза ҳамроҳ бўлмоғи лозим деган маъно чиқади. Шунда мазкур сифатли инсоннинг сўзи ўткир, таъсири доираси кучли бўлади. Қачонки ҳикмат ва мавъизаи ҳасана бўлганда. Ушбу оятга эътибор қаратадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваъз қилиш услубини ўргатмоқда. Ваъз-насиҳат қилаётган киши, аввало вазиятни тўғри баҳолаши ва унга мулойимлик ва ҳикмат билан ёндашмоғи керак. Шунда мақсадга мувофиқ иш қилинган бўлади.

















