Жаҳон | 14:15 / 28.09.2022
25788
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Россиянинг ядровий қуроллари устидан назоратни кучайтирди

Ғарб Путиннинг Украина билан урушда ташаббусни қўлга олиш мақсадида тактик ядро қуролидан фойдаланиши мумкинлигидан хавотирда. Шу билан бирга, экспертлар авиациянинг тактик ядро қуролидан фойдаланиш учун қайта жиҳозланишини аниқлашнинг иложи йўқлигини тан оляпти.

27 сентябр, сешанба куни Politico нашрининг АҚШ амалдаги ва собиқ беш нафар амалдори сўзларига таяниб хабар беришича, АҚШ ва унинг иттифоқчилари разведка хизматлари Украина ҳудудида эҳтимолий ядровий зарбага тайёргарликни аниқлаш мақсадида Россия устидан кузатувни кучайтирди.

«Биз буни диққат билан кузатяпмиз», — дея Россия ядровий кучлари ҳақидаги разведка маълумотларига эга бўлган Оқ уй расмийси сўзларидан иқтибос келтирган нашр. Politico суҳбатдошига кўра, кузатув ҳавода, коинотда ва кибермаконда амалга оширилади. Шу билан бирга, манбалар Россия, шубҳасиз, Украинада стратегик эмас, балки тактик ядровий қуроллардан (ТЯҚ) фойдаланиш имкониятини кўриб чиқаётгани билан боғлиқ қийинчиликларга ишора қилди. 

Politico суҳбатдошлари тушунтиришича, Россия самолётларининг аксарияти нафақат оддий ракеталар, балки қитъалараро баллистик ракеталар каби стратегиклардан кўра жанг майдонида кўпроқ аниқ нишонга олиш фойдаланишга мўлжалланган кичикроқ тактик ядро қуроллари билан жиҳозланиши мумкин. 

Стратегик ракеталар жанговар навбатчиликка қўйилаётгани ёки машғулотларга тайёрланаётгани ҳақида аниқ белгилар мавжуд, аммо бу ТЯҚ   билан боғлиқ эмас. «Бу шуни англатадики, агар Путин ва унинг қўмондонлари ўзлари дунё олдиндан билишни истамаса, Россия қўшинлари оддий ўқ-дориларни атом бомбаларига алмаштирганми ёки йўқми, Қўшма Штатлар ҳеч қачон била олмаслиги мумкин», деди Politico манбалари. 

АҚШ ва унинг иттифоқчилари ердаги рус бўлинмаларини кузатиш учун тижорат сунъий йўлдошларидан фойдаланади. Ўтган ҳафта АҚШ разведка самолётлари Россия гипертовушли ракеталарни жойлаштирган Калининград областини бир неча бор кузатди. 

Россиянинг Украинага бостириб киришидан сўнг, Россия президенти Владимир Путин, ҳукумат амалдорлари ва тарғиботчилар Россияга ядровий ҳужум ёки экзистенциал таҳдид бўлган тақдирда, Россия ядро қуролидан фойдаланиши мумкинлигини бир неча бор очиқ айтди. 21 сентябр куни Путин сафарбарлик бошланиши муносабати билан халққа қилган мурожаатида Россия ҳукумати ўз ҳудудларини ҳимоя қилиш учун «ихтиёрида бўлган барча воситаларни» ишга солишга тайёрлигини таъкидлаб, «бу ҳазил эмас»лигини билдирди.

27 сентябр куни ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР» ва «ЛХР»да, шунингдек, Украинанинг Херсон ва Запорижжя областлари эгаллаб олинган ҳудудларида Россияга қўшилиш бўйича «референдум» якунланди. Овоз берганларнинг аксарияти, россияпараст манбаларга кўра, ўз ҳудудларини Россия таркибига киритишни қўллаб-қувватлаган. 

Бундан беш кун аввал Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ушбу ҳудудлар «Россия таркибига қабул қилинганда» улар Россия қуролли кучлари томонидан ҳимоя қилинишини ва армия «исталганидан» - Россия қуроллари, шу жумладан стратегик ядро қуролларидан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид