Авария Европада 1 октябрда бошланадиган иситиш мавсуми ва Полшадан Норвегияга муқобил сувости газ қувури очилиши арафасида юз берди. Шу билан бир вақтда Норвегия ҳукумати денгиздаги нефт-газ қазиб олиш платформаларида диверсиялар содир этилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

«Шимолий оқим»нинг Борнҳолм ороли атрофидаги иккита тармоғидан газ сизиб чиқаётгани ҳақида душанба куни кечқурун Дания ва Швеция ҳукуматлари хабар берди. Сувости газ қувурлари камдан кам ҳолатларда ишдан чиқиши сабабли иккита янги қувурда бирданига ва бир вақтнинг ўзида учта жойда авария юз бериши Европа мамлакатлари ҳукуматларида аввалига шубҳа, кейин эса бу тасодиф эмаслигига ишонч келтириб чиқарди. 

«Бугун биз диверсияга дуч келдик. Тафсилотлар ҳозирча аниқ эмас, лекин диверсия бўлгани аниқ, бу эҳтимол Украинадаги уруш авж олишида янги қадам бўлиши мумкин», деди Полша бош вазири Матеуш Моравецкий.

Дания бош вазири Метте Фредериксен шу руҳда, лекин эҳтиёткорлик билан сўз юритди.

«Вазият жуда ҳам ғайриоддий. Бир-биридан унча узоқ бўлмаган учта жойда сизиб чиқиш юз берди. Бу тасодиф эканлигини тасаввур қилиш қийин», деди у.

Швеция ва Дания сейсмологлари душанба куни «Шимолий оқим»дан газ сизиб чиқа бошлаган ҳудудларда кучли портлашлар содир бўлганини қайд этган, деб хабар берди Швециянинг SVT телевидениеси.

Нефт миноралари узра дронлар

Россия Европага газ етказишни ўтган йил ёзидан қисқартирган, февралда Украинага бостириб кирганидан кейин эса Кремл очиқ газ урушига ўтганди. Сентябрда «Газпром» «Шимолий оқим-1»ни ўчирди ва газ етказиш тарихий минимумгача тушиб кетди. Европа Россияни энергетик қамалда айбламоқда, Владимир Путин эса санкциялар киритгани ва «Шимолий оқим-2»га сертификат бермагани учун бунга Европанинг ўзи айбдор деб жавоб қайтармоқда.

Европа Россиядан газ етказилиши камайишини АҚШ ва Қатардан суюлтирилган табиий газ сотиб олиш эвазига қисман қоплади, қувур орқали эса Россияни сиқиб чиқариб, илк бор Евроиттифоққа энг кўп газ етказиб берувчига айланган Норвегиядан олмоқда.