Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммити ўтган ИПАК ЙЎЛИ Самарқанд халқаро туристик марказидаги беш юлдузли меҳмонхоналарга жойлаштирилди.

Устоз ва мураббийлар туристик марказда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишишди. Боқий шаҳар этношаҳарчасини ва эшкак эшиш канали бўйлаб саёҳат қилишди. Улар беқиёс таассуротларга эга бўлишди. Албатта, тантананинг бу тарзда ташкиллаштирилиши бежиз эмас.


Ўқитувчиларимиз юртимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар, бунёдкорлик ишларини коллективига, маҳалласига, ҳаттоки ўзлари таълим бераётган фарзандларимизга ҳам сўзлаб беришади.


29 сентябр куни ШҲТнинг асосий тадбирлари ўтган Конгресс марказда байрамона тадбир ташкиллаштирилди. Қаҳрамон ўқитувчиларимиз хоразмлик Анор Маҳмудова ва қашқадарёлик Муҳаббат Шарапова бу йилги тантана ҳар йилгидан бошқача жозиба ва шукуҳ билан ўтаётганини таъкидлаб ўтишди.


Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўқитувчилар ва мураббийлар кунига бағишланган байрам табригини Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ўқитувчиларни табриклаб, Президент фармонига кўра давлат мукофотлари билан тақдирланган ўқитувчи ва мураббийларга орден ва медалларни топширди.
























