Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида (ИТСВ) Ўзбекистонда махсус иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Йиғишда инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Олим Рустамов, Халқаро молия корпорациясининг Марказий Осиёда янги бозорларни яратиш бўйича маслаҳат дастури минтақавий координатори Тарик Шахович ҳамда Халқаро молия корпорациясининг Эркин иқтисодий зоналар бўйича минтақавий мутахассиси Крейг Гизе иштирок этди.

Учрашув давомида халқаро молия корпорацияси экспертлари, вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этиш ҳамда халқаро тажрибадан келиб чиқиб, махсус иқтисодий зоналар бўйича янги таҳрирдаги дастлабки қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Муҳокамалар натижасида мазкур ишчи гуруҳга вазирликдан Махсус иқтисодий зоналарни ривожлантириш бошқармаси ва ИТСВ Юридик бошқармасидан номзодлар бириктирилди.