Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 20 январдаги “Заковат” интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-96-сонли қарорида Халқ таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва “Заковат интеллектуал клуби” нодавлат нотижорат ташкилотига ўзаро ҳамкорликда Умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйинини ўтказиш вазифаси юкланган эди.

Ушбу қарор ижроси доирасида масъул ташкилотлар улкан масштабли турнирни аъло даражада ўтказди. Мусобақа уч босқичда (туман, вилоят ва республика) бўлиб ўтди.

Жорий йилнинг 13 сентябридан бошланган мусобақа дастлаб туман (шаҳар)лар даражасида бўлиб ўтди. Мусобақанинг туман босқичи бир ҳафта давом этиб, ушбу босқич республикамиздаги 8682 та мактабни қамраб олди ва унда мактабларнинг 60774 нафар ўқувчиси иштирок этди. Ҳар бир туман (шаҳар)дан кучли учликни эгаллаган жамоалар турнирнинг вилоят босқичига йўл олишди.

Шу йилнинг 28 сентябр куни мусобақанинг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Ушбу босқич республикамиздаги 14 та ҳудуддан жами 624 та жамоани қамраб олди. Ушбу жамоаларда жами 4368 нафар ўқувчилар вилоят босқичида қатнашди. Вилоят босқичи ўйинлари натижасида ҳар бир ҳудуддан учтадан энг кучли жамоалар республика босқичи учун саралаб олинди.

Шундай қилиб, 9 октябрь куни Тошкент шаҳрида мамлакатимизнинг энг зукко мактабларидан келган 42 та жамоа (294 нафар ўқувчи) ғолиблик учун беллашди.

Ҳис-ҳаяжонга бой бўлган республика босқичида қуйидаги жамоалар ғолиб бўлди:

1-ўрин - Фарғона вилояти Фарғона туманидан 36-сонли мактаб жамоаси;

2-ўрин - Самарқанд вилояти Нуробод туманидан 11-сонли мактаб жамоаси;

3-ўрин - Самарқанд вилояти Пахтачи туманидан 12-сонли мактаб жамоаси.

Мазкур жамоаларнинг ҳар бир аъзосига ҳамда мураббийига “Заковат интеллектуал клуби” ННТ томонидан қимматбаҳо ноутбуклар совға қилинди.

Эндиликда ушбу жамоалар аъзолари олий таълим муассасаларига базавий тўлов контракт асосида имтиҳон синовларисиз қабул қилинади.

Шунингдек, уларнинг ҳар бирига бир ўқув йили давомида ҳар ой қуйидаги миқдорда "Заковат" стипендияси тўлаб борилади:

1-ўрин: БҲМнинг 5 баравари (1,5 млн сўм, йил давомида жами 18 млн сўм);