Англиянинг ғарбий қисмида АҚШнинг юқори мартабали ҳарбий хизматчиси Россия фойдасига жосуслик қилишда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда 10 ноябр, сешанба куни dpa ахборот агентлиги хабар берди.
Агентлик маълумотларига кўра, 41 ёшли эркак Миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонунни (National Security Act) бузганликда гумонланмоқда.
Хусусан, у махфий маълумотларни қўлга киритиш ёки бошқаларга узатиш, шунингдек, хорижий разведка хизматига кўмаклашишда гумон қилинмоқда.
АҚШ Федерал тергов бюроси (ФТБ) директори Кэш Пател жосуслик билан боғлиқ айбловлар «АҚШ ва унинг иттифоқчиларида жиддий ташвиш уйғотаётганини» билдирди.
АҚШ ҳарбий разведкаси вакили, бригада генерали Шон Стинчон ҳам мазкур воқеага муносабат билдирди.
Унинг таъкидлашича, махфий маълумотлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган ҳарбий хизматчининг эҳтимолий хатти-ҳаракатлари «ички таҳдидлар ҳақиқатан ҳам мавжудлигини эслатувчи жиддий огоҳлантириш» ҳисобланади.
dpa агентлигининг аниқлик киритишича, ҳарбий хизматчини қўлга олиш терроризмга қарши тергов доирасида амалга оширилган.
Британия пойтахти полицияси маълум қилишича, айни тергов доирасида Глостершир графлигидаги иккита объектда тинтув ўтказилмоқда.
Қўлга олинган ҳарбий хизматчи эса Лондонда ҳибсда сақланмоқда.
АҚШ ҳарбий самолётларининг Британия авиабазаларидан олиб чиқилиши
Америкалик ҳарбий хизматчининг ҳибсга олиниши АҚШ Англия шарқида жойлашган Милденхоллдаги Британия Қироллик ҳарбий-ҳаво кучлари (RAF) базасидан ўзининг ёнилғи қуйиш самолётларини олиб чиқиб кетганидан бир кун кейин содир бўлди.
The Wall Street Journal газетаси маълумотларига кўра, АҚШ 9 ноябр куни Эрон томонидан келаётган таҳдид сабабли мазкур самолётларни базадан олиб чиққан.
Бироқ Британия полицияси америкалик ҳарбий хизматчининг ҳибсга олиниши терроризмга қарши кураш соҳасида олиб борилаётган бошқа терговлар билан боғлиқ эмаслигини маълум қилди.
Октябр ойи бошида АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари Англиядаги яна бир ҳарбий объект — Фэрфорд авиабазасидан B-1 бомбардимончи самолётларини олиб чиқиб кетгани маълум бўлган эди.













