10 ноябр куни Туркияга амалий ташриф доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Гуржистон президенти Михаил Кавелашвили билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Музокараларда Ўзбекистон ва Гуржистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Хусусан, жорий йилнинг 2–3 июл кунлари Шавкат Мирзиёевнинг Гуржистонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланишича, сўнгги вақтларда икки мамлакат парламентлари, вазирликлари, идоралари ва ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқалар фаоллашган.

Шунингдек, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ва қўшма корхоналар сони изчил ортиб бормоқда. Ўзбекистонда грузиялик инвесторлар иштирокида ташкил этилган рақамли банк ҳам фаолият юритмоқда.
Учрашувда савдо ҳажмини янада ошириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, туризмни ривожлантириш ва транспорт-транзит имкониятларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, икки мамлакат ҳудудларини иқтисодий ҳамкорликка фаол жалб этиш ҳамда ушбу йўналишларда мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди.













