13:22 / 12.10.2022
8270

Исроил ва Ливан денгиз чегараси бўйича келишмовчиликни ҳал қилди

Исроилнинг Ливан билан денгиз чегаралари ва конлар ҳуқуқлари масаласида эришилган келишуви туфайли Исроилнинг Европа иттифоқига газ етказиб беришдаги роли ошиши мумкин.

Фото: AFP

АҚШ воситачилигида Исроил ва Ливан мамлакатлар ўртасидаги денгиз чегараси қаерда жойлашгани ва улардан қайси бири Ўрта Ер денгизидаги қатор газ конларини ўзлаштириш ҳуқуқига эга эканлиги борасидаги баҳсда муросага эришди. Бу ҳақда 11 октябр, сешанба куни Исроил бош вазири Яир Лапид маълум қилди ва бу келишувни «тарихий ютуқ» деб атади.

Ҳужжат 12 октябрь куни миллий хавфсизлик масалалари бўйича вазирлар қўмитасига тақдим этилиши кутилмоқда.

Ливан билан денгиз чегараси ва Ўрта Ер денгизидаги газ конларини ўзлаштириш ҳуқуқи масаласида аниқлик Исроилнинг Европа иттифоқига газ етказиб берувчи сифатидаги аҳамиятини ошириши мумкин. Ливан томони ҳам эришилган келишувдан мамнун эканига ишора қилди. Исроил билан чегара бўйича якуний келишув Ливаннинг «талабларини қондиради» ва унинг ресурсларга бўлган ҳуқуқларини тасдиқлайди, деб хабар берди мамлакат президенти Мишел Аун идораси Twitter’даги саҳифасида.

Байрутдан келишувнинг расмий тасдиғи ҳали олинмаган, бироқ Ливан музокаралар делегацияси раҳбари Элиас Боу Сааб оптимизм билдириб, келишувни «адолатли» деб кўришини таъкидлади. 

Dpa агентлигининг Вашингтондаги юқори мартабали америкалик мулозимга таяниб хабар беришича, Қўшма Штатлар Ливан томонидан Исроил билан келишув шартларига амал қилишини тасдиқлаган. Шу билан бирга, АҚШ келишувни амалга оширишда муаммолар юзага келса, яна воситачи сифатида ҳаракат қилишга тайёр. 

Берлин, шунингдек, томонларнинг дипломатик саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаб, Исроил ва Ливан ўртасидаги чегарани қўриқлаш минтақавий барқарорлик ва хавфсизлик йўлидаги муҳим қадам эканини таъкидлади.

Келишувнинг аниқ тафсилотлари ҳозирча ошкор этилмаган. Шу билан бирга, Исроил ОАВ Ливан Қана газ майдонидаги газ конини ўзлаштириш ҳуқуқини қўлга киритиши, Исроил эса Исроилнинг Ҳайфа порт шаҳри шимоли-ғарбида жойлашган Кариш газ кони атрофидаги ҳудудни сақлаб қолиши ҳақида хабар бермоқда. 

Расмий равишда Ливан ва Исроил ҳали ҳам уруш ҳолатида. Мамлакатлар ўртасидаги денгиз чегараси бўйича музокаралар 2020 йилда бошланган. Бу уларнинг ўтган ўн йилликлардаги хавфсизлик масаласи кўтарилмаган биринчи алоқаси бўлди. 

Top