Жамият | 16:33 / 19.10.2022
19456
3 дақиқада ўқилади

“Аёлимга юрагимни бераман” — икки хастанинг муҳаббати ҳақида ҳикоя 

Бугунги ҳикоямиз хайрия мавзусида эмас, ҳаётнинг қадрини билганлар ҳақида. Андижон давлат университети ўқитувчиси, адабиётшунос олим Жамолиддин Ёқубовнинг кўзи ожиз.

Андижонлик Жамолиддин кўз саратони билан дунёга келган. Шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолишган-у, кўзларини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган. Лекин кўзи очиқлар эриша олмаётган натижаларга эришишда кўзи ожизлик ҳам тўсқинлик қила олмаган. Жамолиддин бугун адабиётшунос олим.

“Андижондаги махсус болалар интернатида таҳсил олганман. Ундан кейин Тошкентдаги Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида, магистратурани эса Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетида давом эттирдим. Орада бир йил ишсиз юрганимдан кейин олийгоҳга ўқитувчиликка қабул қилиндим. Ҳозирда Андижон давлат университетида талабаларга адабиётшуносликдан сабоқ бераман”.

Жамолиддин мактаб давридан китобларга меҳр қўйган. Биринчи китобларини нафақа пулига сотиб олган йигит ҳозир каттагина кутубхона ташкил қилган. Унинг тақдири унинг кутубхонаси билан ҳам боғлиқ. Чунки бўлажак турмуш ўртоғи Санамхон китоб олиш учун келганида улар бир-бирларига маъқул бўлишган.

Шундан сўнг улар турмуш қуришади. Турмуш ўртоғининг ҳаётига ёруғлик олиб кирган аёл бугун минг афсуски оғир аҳволда. Туғма юрак пороги хасталиги билан туғилган аёл айни пайтда шифохонада. Оғир кечган туғуруқ ва ўт қопида ўтказилган операциялар Санамхоннинг дардини зўрайтирган.

Бу ҳақида биз Facebook ижтимоий тармоғи орқали хабар топдик ва буни улашган водийлик шифокор Муаззам Иброҳимова билан боғландик.

“Бир-бирини қўллаб-қувватлаб келаётган шу иккала ёшнинг бахтли ҳаёти яна давом этишини хоҳлардим. Жамолиддин билан гаплашганимда: “Имкони бўлса аёлимга мен ўз юрагимни бераман” деган гапни айтди. Бу муҳаббат, меҳр-оқибатни кўриб жуда таъсирландим. Маълум бўлишича Санамхонда ўтказиладиган операция Ўзбекистонда қилинмас экан. Россиядан юртимизга келаётган мутахассислар буни қилиши мумкин, лекин уларга навбат асосида мурожаат қилиш керак экан. Шу масалада ССВ мутасаддиларидан бу масалага ёрдам беришларини сўраймиз.

Санамхон энди 24 ёшга кирди. У яшаши керак. Бу оиланинг хорижда ўтказиладиган операцияларга имкониятлари йўқ” деди шифокор.

Кўрсатувни тайёрлаш жараёнида Жамолиддин яна бир яхши хабарни етказди: Ёшлар ишлари агентлиги томонида уларга 15 млн маблағ ажратилибди. Лекин ўтказиладиган уч босқичли операция учун ҳали анча маблағ керак бўлади.

Айни вақтда соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ўзбекистонга келаётган хорижлик шифокор кўриги масаласида амалий ёрдам кўрсатилса нур устига нур бўлар эди.

Бу икки инсонни ҳам қаҳрамон дейиш мумкин. Икки ёрти бир бутун бўлиб яшаётган бу оила яна бутун бўлиши учун озгина кўмак керак.

Ўзкард: 8600 0610 1538 4547 бемор Санамхон Мамадалиева номида. 

Kun.uz мухбирлари - Абдували Қурбонов, Гулмира Тошниёзова.
Монтажчи Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид