14:44 / 19.10.2022
11194

ОАВ Қримга эронлик инструкторлар юборилганини маълум қилди

Газетанинг ёзишича, эронлик инструкторлар Россиянинг Қримдаги ҳарбий базаларидан бирида ишламоқда, уларнинг келиши Эрон дронлари ёрдамида Украинани ўққа тутиш кучайишига тўғри келган. 

Фото: Getty Images

The New York Times газетасининг ёзишича, Эрон Россия томонидан аннексия қилинган Қримга рус ҳарбийларини ўзи етказиб бераётган учувчисиз учоқларни бошқаришга ўргатиш учун инструкторлар юборган. Эронлик инструкторлар россияликларга Теҳрондан сотиб олинган дронлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда ёрдам бериши керак, деб ёзади 18 октябр, сешанба куни газета разведка маълумотлари билан таниш бўлган амалдаги ва собиқ амалдорларга таяниб. 

Эронлик инструкторлар Россиянинг Қримдаги ҳарбий базаларидан бирида ишламоқда, у ерга Эрондан олиб келинган кўп сонли учувчисиз учоқлар жойлаштирилган, деб ёзади NYT. Унинг маълумотига кўра, улар - АҚШда террорчилик ташкилоти деб тан олинган Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси аъзоларидир. Нашр манбаларига кўра, эронлик инструкторлар фронт чизиғидан узоқда, уларнинг сони номаълум. Уларнинг ўзлари ҳам Украина нишонларига ҳужум қиладиган дронларни назорат қилишда иштирок этаётгани ҳақида маълумот йўқ. 

Эроннинг рус ҳарбийларини тайёрлаш учун инструкторлар жўнатиши Эрон ва Россия ўртасида Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери давом этаётган яқинлашувдан далолат беради, деб ёзади газета. Уларнинг келиши Эрон учувчисиз учоқлари ёрдамида Украина нишонларига ҳужумлар кучайган пайтга тўғри келади ва Теҳроннинг бу урушда фаол иштирок этаётганидан далолат беради, дея таъкидлайди америкалик журналистлар. 

Украина расмийлари Россияни сўнгги ҳафталарда Эронда ишлаб чиқарилган Shahed-136 дронларидан фойдаланган ҳолда Украина энергетика инфратузилмасини ўққа тутишда айбламоқда. Эрон ўзининг учувчисиз учоқлари Россияга етказиб берилганини рад этади, Кремль эса бу маълумотга изоҳ бермаяпти. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков, Россия Украинада Эрон учувчисиз учоқларидан фойдаландими ёки йўқми деган саволга, унда бундай маълумот йўқлигини айтди. 

Айни пайтда, ОАВ хабарларига кўра, Эрон Россияга «ер-ер» синфидаги ракеталари, шунингдек, учувчисиз учиш аппаратларининг (УУА) қўшимча партиясини етказиб беришни ваъда қилган. Россия томони «айниқса Fateh ва Zolfaghar турига тегишли учувчисиз учоқлар ва Эрон баллистик ракеталарини сўраган», — дея Reuters агентлиги исмини ошкор этмаган эронлик дипломатдан иқтибос келтиради. Киев маълумотларига кўра, Эрон УУАларининг биринчи партиясига 300 та, иккинчи партияга 2400 та дрон киради. Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Алексей Арестовичнинг сўзларига кўра, Россия 2-3 ой давомида дронлар ёрдамида Украинага ҳозирги суръатда ҳужум қилиши мумкин. 

Европа иттифоқи, агар Украина нишонларига зарба бериш учун Эрон камикадзе-дронларидан фойдалангани тасдиқланса, бу борада Теҳронга қарши санкциялар қўллаш масаласини муҳокама қилмоқда. АҚШ Давлат департаменти Эрон дронларини ишлаб чиқаришда қўлланилган технология АҚШ санкциялари остида қолиши мумкинлигини билдирди. «Россия ва Эрон ўртасидаги иттифоқнинг чуқурлашиши бутун дунёда ва айниқса минтақада жиддий таҳдид сифатида қабул қилиниши керак бўлган нарса», - деди Давлат департаменти вакили.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top