— Хабарларга кўра, АҚШ ва Исроил оралиқ сайловлардан кейин Эронга яна зарба бериш бўйича аниқ режалар тузган. Эрон жавоб зарбасида эскалацияни ошириши мумкинми, қандай нишонлар эвазига?

Камолиддин Раббимов: Биринчидан, 28 феврал куни АҚШ ва Исроил кутилмаганда, Эрон билан музокаралар давом этаётган бир пайтда, мамлакатга кучли зарбалар берди. Натижада Эрон олий раҳбари Али Хоминаий, унинг оила аъзоларининг катта қисми ва мамлакат элитасининг салмоқли қисми ҳалок бўлди. Буни ноқонуний ўлдириш сифатида баҳолаш керак. Чунки АҚШнинг ўз қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқ нуқтайи назаридан бундай ҳаракатларни оқлайдиган асослар мавжуд эмас эди. Хусусан, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Эрон давлат раҳбарини ўлдиришга ёки бундай ҳаракатни оқлашга рухсат берувчи резолюцияси ҳам бўлмаган.

Шундан сўнг АҚШ ва Исроил Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий зарбалар берди. Бироқ Вашингтон ва Тел-Авив ўз олдига қўйган мақсадларига эриша олмади. Кейин эса улар ҳарбий босим, иқтисодий санкциялар ва бошқа гибрид усуллар орқали ўз мақсадларига эришишга уринди. Яъни ҳарбий йўл билан эришилмаган натижаларга иқтисодий босим орқали эришиш, санкциялар кутилган самара бермаган тақдирда эса яна ҳарбий ёки бошқа воситаларни ишга солиш ҳаракатлари кузатилди. Аммо бу уринишлар ҳам кутилган натижани бермади. Тахминан икки ҳафта олдин Эрон расмийлари янги огоҳлантириш билан чиқди.

Уларнинг таъкидлашича, агар АҚШ ёки Исроил Эронга яна ҳужум қилса, Теҳрон минтақадаги Америка манфаатларига алоқадор инфратузилма объектларига зарба бериши мумкин. Булар қаторига маълумотларни қайта ишлаш марказлари — дата-марказлар, серверлар, сувости интернет кабеллари ва АҚШнинг геостратегик манфаатларига хизмат қилувчи бошқа иншоотлар киради. Эрон томони ушбу объектларнинг жойлашуви ҳақида етарлича маълумотга эга эканини билдирди. Айрим баёнотларда бу инфратузилмаларнинг умумий қиймати қарийб 2 триллион долларга баҳоланган.

Албатта, бу рақамнинг қанчалик асосли эканини алоҳида текшириш керак. Бироқ Яқин Шарқдаги кўплаб давлатларда, жумладан, АҚШнинг араб давлатлари орасидаги иттифоқчилари ҳудудида ҳам Америка манфаатларига алоқадор муҳим инфратузилма объектлари мавжуд. Эроннинг таъкидлашича, Теҳрон шу пайтгача ушбу объектларга атайлаб зарба бермаган. Бунга урушнинг янада авж олишига йўл қўймаслик ва бошқа ҳарбий нишонларга эътибор қаратиш истаги сабаб бўлган. Аммо АҚШ Эронга яна ҳужум қиладиган бўлса, Эрон мазкур инфратузилма объектларини ҳам нишонга олиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Шавкат Икромов: Айрим тахминларга кўра, Бинямин Нетаняҳунинг мақсади Исроилда бўлиб ўтадиган сайловлардан бир-икки ҳафта олдин уруш бошлаш ва шу орқали жамоатчилик эътиборини бошқа томонга буриш эди. Бироқ бу масалада АҚШ билан келишувга эришилмади. Эндиликда эса 3 ноябр куни АҚШда бўлиб ўтадиган оралиқ сайловлар арафасида Эронга қарши янги ҳарбий ҳаракатлар эҳтимоли яна кун тартибига чиқмоқда. Кўплаб таҳлилчилар ва кузатувчиларнинг фикрича, бу баёнотлар, аввало, Эронга дипломатик босим ўтказиш воситаси бўлиши мумкин. Яъни Вашингтон шу йўл билан Теҳронни қайта музокараларга қайтаришга ва ўз талабларини қабул қилдиришга уринаётган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.