Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сохта кооператив: Қашқадарёда давлат маблағларини талон-торож қилишнинг ўзига хос усули «ихтиро» қилинди
Бугун Қашқадарёда давлат маблағлари қандай схемалар асосида талон-торож қилинаётгани ҳақида ҳикоя қилиб берамиз. Энг ачинарлиси, давлат пулларини еб юбориш билан боғлиқ очиқ-ойдин ҳуқуқбузарликка ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар панжа орасидан қарашмоқда, судлар эса даъвогарларнинг талабларини рад этувчи қарорлар чиқаришмоқда.
Асл моҳиятни тушунишингиз учун воқеани бир бошидан ҳикоя қилиб берамиз. Эринмай охиригача ўқишингиз сўралади.
Қарши туманида кооперация ташкил этилиши
Демак, 2020 йили Қарши туманида «SULTON TEX GROUP» кластери тугатилиб (бу ҳақда Kun.uz’да кўп чиқиш қилинган эди), 27 апрел санасида унинг ўрнига «SILVER FIBER AGRO KOOPERATSIYASI» МЧЖ тузилади.
Хуллас, «SULTON TEX GROUP» кластери ўрнига тузилган кооперация МЧЖнинг Низом жамғармаси 200 млн сўм қилиб белгиланади, унинг 50 фоизи «Бешкент пахта тозалаш заводи» АЖга, 25 фоизи Астонов Баҳриддин Эргашевичга, яна 25 фоизи Мўминов Нурбек Давроновичга тегишли этиб белгиланади.

Лекин фермерлар кооперациясининг бу тарзда ташкил этилиши Ўзбекистон президентининг 2020 йил 7 март санасидаги «Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига зид эди.
Президент қарорида пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган (Қарши туманида эса тугатилган) ҳудудда пахта тозалаш корхоналари негизида фермер хўжаликларининг ихтиёрий кооперациялари ташкил этилиши белгиланган.
Судлашувлар асносида бу хатоси кўрсатилгач, зудлик билан кооператив устави ўзгартирилади, МЧЖ шу номдаги ишлаб чиқариш кооперативига айлантирилади.

Кооперативнинг Низом жамғармасидаги 79,01 фоиз улуш ўша пайтда Мейлиев Бекзод Усмонқулович раҳбарлик қилаётган «Бешкент пахта тозалаш заводи» АЖга, қолган 20,99 фоиз улуши эса Қарши туманида фаолият кўрсатаётган 40 нафарга яқин фермерларга бўлиб берилади.
Аслида, кооперативдаги ишлар шу кунгача ҳам мана шу тарзда давом этса бўлаверарди. Ҳеч кимда ҳеч қандай эътироз бўлмасди.
«Бешкент пахта тозалаш заводи» АЖ кооперативдан қандай чиқарилди?
«SILVER FIBER AGRO KOOPERASIYASI» ишлаб чиқариш кооперативи 2020 йил пахта йиғим якунларига кўра ўзлари кутмаган ҳолда 77 миллиард сўм соф фойда олади. Ўз-ўзидан тушунарлики, олинган соф фойда «Бешкент пахта тозалаш заводи» АЖ ва кооперативга таъсисчи бўлган фермерлар ўртасида тенг тақсимланиши керак.
Аммо 7,5 млн АҚШ долларига эквивалент суммани кўрган «Бешкент пахта тозалаш заводи» АЖ директори Бекзод Мейлиевнинг феъли айнийди ва пахта тозалаш заводи номидан «SILVER FIBER AGRO KOOPERAТSIYASI» ишлаб чиқариш кооперативига унинг таъсисчилигидан чиқиш ҳақида 2021 йил 20 март куни №10-сонли хат беради.

Хўш, нима бўпти шунга дерсиз?
Гап шундаки, 77 млрд сўмлик соф фойданинг 79,01 фоизи «Бешкент пахта тозалаш заводи» АЖга тегишли. Бу 60 млрд 837 млн сўмдан зиёдни ташкил этади. Бу сумманинг 51 фоизи давлатга ўтказилиши керак — сумма 31 млрд сўмдан зиёдни ташкил этади.

«Бешкент пахта тозалаш заводи» АЖнинг 17 фоиз акцияси «SULTON TEX GROUP» МЧЖга тегишли ва улар оладиган фойда 10 млрд 342 млн сўмни ташкил этиши керак эди.
Ана шу пулларни давлатга ва акциядорларга бермаслик мақсадида, «SILVER FIBER AGRO KOOPERAТSIYASI» ишлаб чиқариш кооперативига алоқадор таъсисчи ва масъул шахслар ва «Бешкент Пахта тозалаш заводи» АЖ ижрочи директори Бекзод Мейлиев ўзаро тил бириктириб, Мейлиевни шахсан кооперация таъсисчилари сафига қўшиш эвазига «Бешкент Пахта тозалаш заводи» АЖни кооперация таъсисчилари сафидан чиқариш бўйича ундан ўша ноқонуний хатни олишга эришганлар.
Айтмоқчи бўлганимиз, Бекзод Мейлиев ўзи раҳбарлик қилаётган энг катта улушдор корхона номидан акциядорларни огоҳлантирмасдан бунақа хат беришга ҳаққи йўқ эди. Бундай хатти-ҳаракатга қўл уриши учун у нимадандир манфаатдор бўлиши керак эди.
Манфаат нимада эди?
«Бешкент пахта тозалаш заводи» АЖни кооперация таъсисчилигидан чиқариш бўйича мажлис баёнининг ўзида Бекзод Мейлиев кооперациянинг таъсисчилари сафига қўшилган. Бу куппа-кундуз куни очиқ-ойдин қилинган ўғриликнинг ўзгинасидир.
2021 йилда кооперативнинг айни пайтдаги таъсисчилари — Мейлиев Бекзод Усмонқулович, Қаролов Санжар Исмоилович, Рашидов Фаррух Исмоилович, Олимов Алишер Чориевич, Отамуродов Жасур Йўлдошевич Низом жамғармасини 20 фоиздан тенг тақсимлаб олишган.

Албатта, Бекзод Мейлиевнинг бу хатти-ҳаракати «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон республикаси қонунига ҳам зид.
«SULTON TEX GROUP» МЧЖ бош юристконсулти Эшқобил Пардаевнинг айтишича, «SILVER FIBER AGRO KOOPERASIYASI» ишлаб чиқариш кооперативининг устави уч марта ўзгарган. Лекин ўзгаришлардан олдинги уставлар тикиб қўйилмаган. 5 киши муассис бўлиб олган сўнгги вариант худди биринчи вариантдек бўлиб турибди.
Қолаверса, сўнгги ўзгартиришда «SILVER FIBER AGRO KOOPERASIYASI»дагилар шунчалик шошилишганки, бошқа бир кооперативнинг тайёр уставини олиб, ичини алмаштиришган, муқовасидаги ёзувларни кўрмай қолишган.

Ўз-ўзидан тушунарлики, 2020 йил якунлари бўйича 77 млрд сўм соф фойдадан «Бешкент пахта тозалаш заводи» АЖга, яъни на давлатга, на «SULTON TEX GROUP»га дивиденд берилган.
Масаланинг яна бир қизиқ жиҳати бор. Хўп, 2021 йилдан «SILVER FIBER AGRO KOOPERASIYASI» ишлаб чиқариш кооперативининг таъсисчилар таркиби ўзгартирилган экан, суд уни қонунчиликка кўра тўғри (аслида, ноқонуний) ўзгартирилган деб топган экан, майли, нега 2020 йил якунлари бўйича суд соф фойдадан дивидендлар тўлаб берилиши кооператив зиммасига юкланмаяпти? Ахир 60 млрд сўмдан зиёд дивиденд эгаси «Бешкент пахта тозалаш заводи» АЖ ва қолган фермерлар 2021 йил март ойида таъсисчиликдан ҳайдаляпти-ку?
Судлашувлар бошланиши
Шундан сўнг тегишли идораларга мурожаат қилинади. Бу борада «Бешкент пахта тозалаш заводи» АЖ (бу вақтга келиб акциядорлик жамиятига бошқа директор тайинланади) «SILVER FIBER AGRO KOOPERAТSIYASI» ишлаб чиқариш кооперативи таъсисчилигига қайтиш борасида Қарши туманлараро иқтисодий судида ҳам иш кўриб чиқилган.
АЖ таъсисчиларидан бири, кузатув кенгашида овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган «SULTON TEX GROUP» бош юрисконсулти Эшқобил Пардаевнинг айтишича, иш биринчи инстанцияда кўрилганида ҳам, апелляция инстанциясида кўрилганида ҳам улар бундан бехабар бўлишган.
Фақат иш Олий судда кассация тартибида кўрила бошлаганида у АЖдан ишончнома олиб, даъвогар томон манфаатларини кўзлаб қатнаша бошлайди.
Бунгача биринчи ва иккинчи инстанция судлари «SILVER FIBER AGRO KOOPERAТSIYASI» ишлаб чиқариш кооперативи таъсисчилари таркибини алмаштиришда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилмаган, деб топади.
Ҳолбуки, бундай қарорлар кузатув кенгаши йиғилиши ва акциядорларнинг умумий мажлисида кўриб чиқилиши керак. Бекзод Мейлиев эса бир варақ қоғоздаги имзоси билан масалани ҳал қилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди иқтисодий масалалар бўйича судлов ҳайъати кассация аризасини кўриб чиқиб, биринчи ва иккинчи инстанция қарорларини бекор қилади ва ишни қайта кўриб чиқиш учун биринчи инстанцияга қайтаради.
2022 йил 19 сентябрда Қарши туманлараро иқтисодий суди судьяси Ҳусан Мирзаевич Турсунов раислигида иш қайтадан кўриб чиқилиб, даъвогар «Бешкент пахта тозалаш заводи»нинг даъвоси яна қаноатлантиришдан рад этилган.


Очилган жиноят ишлари-чи?
Бу ўринда энг ҳайратланарлиси, ҳам даъвогар томоннинг ва ҳам жавобгар томонларнинг мансабдор шахсларига нисбатан айнан шу ҳолат ва хатти-ҳаракатлар юзасидан жиноий иш очилган.

Бундай шароитда Иқтисодий процессуал кодекснинг тегишли моддаси талабига асосан ва Олий Суд Пленуми қарори тушинтиришларига кўра суд масалани кўриб чиқишни тўхтатиб туриши керак эди.
19 сентябр куни Ҳ.Турсунов раислигидаги суд даъвогарнинг шу асосларда тўхтатиб туриш ҳақидаги илтимосномасини ва учинчи шахснинг кейинроққа қолдириш илтимосномасини рад этган. Бироқ, важлар ва илтимосномалар тўлиқ рад этилиб, Қарши туманлараро суди томонидан ўта зудлик билан ҳал қилув қарори чиқарилган. Гўёки ҳаммаси аввалдан ҳал қилиб қўйилгандек.
Давлатнинг пуллари ҳеч кимга қизиқ эмас
Бу ишда ўз улушини ундириш учун «SULTON TEX GROUP» МЧЖ бош юристконсулти, «Бешкент пахта тозалаш заводи» АЖ кузатув кенгаши аъзоси Эшқобил Пардаев барча ҳаракатларни қилмоқда.
Давлат ғазнасига тушиши керак бўлган 31 млрд сўм пул учун эса ҳеч ким чопмаяпти. Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳудудий бошқармаси ходимларига эса барибир — пашша қўриб ўтиришибди.
Биз ўша куни «Бешкент пахта тозалаш заводи» АЖнинг кузатув кенгаши йиғилишида қатнашдик. Кузатув кенгаши йиғилиши қай тарзда ўтганига эътибор беринг. Эшқобил Пардаевнинг айтишича, у 3,5 ой елиб югуриб, кўплаб мурожаатлар қилиб, шу тарзда ўтказишга эришган. «Бешкент пахта тозалаш заводи» АЖ ижроия органи раҳбари, директори 3,5 ой деганда бир марта кузатув кенгаши мажлисида қатнашган.

Мазкур нохуш ҳолатларни бартараф этиш учун на акциядорларда, на давлат томонидан қўйилган кузатув кенгаши аъзоларида қизиқиш бор.
«SULTON TEX GROUP» МЧЖ раҳбари Нурбек Эргашев «Бешкент пахта тозалаш заводи» АЖнинг ижроия органида ўз даромади учун курашиш истаги йўқ экан, кузатув кенгаши йиғилишида давлат улуши ҳисобланган акциядорлик жамиятининг 51 фоиз акциясини аукцион орқали сотувга қўйиш кераклигини таклиф қилди.
Апелляцияга бериш учун тўсиқлар
19 сентябр куни биринчи инстанция судида даъвоси яна қаноатлантирилмаган «Бешкент пахта тозалаш заводи» АЖ апелляция шикояти беришга шошилмаяпти. 19 октябр — шикоят беришнинг охирги куни. Нафақат апелляция шикоят бермаяпти, шунингдек «SULTON TEKS GROUP» МЧЖ бош юристконсулти Эшқобил Пардаевга ҳам судда қатнашиш учун ишончнома бермаяпти.
19 сентябр кунги судда «Бешкент пахта тозалаш заводи» АЖ юристи Э.Пардаевнинг судда чиқиш қилишига қаршилик қилганини қандай изоҳласа бўлади?
Гарчи ушбу масала жамият кузатув кенгашининг 2022 йил 14 октябрдаги кузатув кенгаши мажлисида кўриб чиқилган бўлса-да, на апелляция аризаси берилди, на юристга ишончнома берилди.
Энди кассация инстанциясига ариза бериш ҳам шундай пайсалга солинса керак. Бундан хулоса келиб чиқадики, судда «Бешкент пахта тозалаш заводи» АЖ ютқазиши, «SILVER FIBER AGRO KOOPERASIYASI» ишлаб чиқариш кооперативи ютиши учун кимлардир манфаатдор.
Кооперативми ёки «сохта кооператив»?
Аслида, кооперация ҳудуддаги фермер хўжаликларининг ихтиёрий уюшмаси бўлиши керак. Кооперативнинг мавжуд бўлиши соҳада рақобат юзага келиши учун ҳам керак. Ҳаттоки кластерлар ташкил этилган туманларда ҳам рақобат учун кооперациялар керак.
Лекин Қарши туманида кооперациянинг бу тарзда ташкил этилиши кўпроқ рейдерликка ўхшаб кетяпти. Туман пахтакорлари 17 минг гектарда етиштирган пахтадан соф фойдани аллақандай 5 киши тасарруф этишида коррупцион таркибий қисмлар борлиги аниқ. Бир мавсумда 7–8 млн АҚШ доллари миқдорида соф фойда олувчи бир гуруҳ инсонлар қаршисига чиқа олувчилар топилмаяпти.
Балким, шу сабабли ҳам Қашқадарёда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва давлат мулки учун масъул бўлган органлар бу иш учун номига жиноят иши қўзғатиб қўйиш кифоя, унинг якуни муҳим эмас қабилида иш тутаётгандирлар?
Қизиқ, Ўзбекистон Республикасида қилни қирқ ёриб, бу мужмал ишни ипидан игнасигача ўрганиб, воқеа иштирокчиларининг қилмиши фош бўлса, уларнинг хатти-ҳаракатларида ростдан ҳам жиноят аломатлари аниқланса, чиндан ҳам давлатнинг маблағлари талон-торож қилинган бўлса — барчасига нуқта қўя оладиган забардаст қонун посбонлари топилармикан?
Шуҳрат Шокиржонов, журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев
Мавзуга оид
17:20 / 23.06.2026
Фермерларни ҳақоратлаган Музработ ҳокими ҳайфсан олди
18:05 / 16.06.2026
“Э, онангни... 11 гача ёпмасанг, тиқиб юбораман!” — Музработда фермерлар ҳақоратланди
09:31 / 13.06.2026
Ишга киритиб қўйишни ваъда қилган “сохта прокурор“ ушланди
17:18 / 08.06.2026