Жамият | 11:19 / 20.10.2022
41521
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда ўзидан 16 ёш кичик рафиқасини калтаклаган эркак қамоққа олинди

Хабарларга кўра эрининг зўравонлиги ҳақида аёл ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Шундан сўнг муштумзўр ҳибсга олинган.

Калтакланган аёлнинг онаси Facebook’да қизи 7 йил давомида эри томонидан мунтазам равишда калтаклаб келингани, сўнгги 2,5 ой ичида куёви қизини тўрт марта калтаклаб қовурғаларини синдиргани ҳақида ёзган.

“Етти йил давомида хўрлик ва зўравонликларга сабр қилишга мажбурлаганим учун қизимнинг олдида айбдорман. Мен фақат унинг фарзандлари, менинг ажойиб набираларим ҳақида қайғургандим. Бола кўришса, куёвимнинг шафқатсиз характери ўзгаради дегандим.

Иккинчи ва учинчи набираларим деярли кетма-кет дунёга келди. Доимий стресс туфайли қизим учинчи бор бўйида бўлганини анча кеч билиб қолди. Мана шундай яшаб келди. Сўнгги марта куёвимга қизимни калтаклашнинг ўзи камлик қилди. У калтаклашларига қўшиб камар билан бўғишни ҳам бошлаганди.

Эксперт айтдики, яна 20 секунд бўғиб турганида қизим ўлиб қолиши мумкин эди. Яхшиямки у қизимни камар ёрдамида иккинчи қаватдан ташлаб юбормоқчи бўлганида у узилиб кетгани. Буниси ҳаммасидан ошиб тушди. Бу воқеаларнинг барчаси болаларнинг кўз ўнгида содир бўлган. Шунда тушундимки, болаларининг ҳаққи-ҳурмати учун ҳам қизимни қутқаришим керак.

Охирги икки ярим ой давомида қизим 4 марта калтакланган, қовурғалари синган. Охирги муштумзўрлигидан аввалгисида эса қизимнинг бурни, тишлари синган, мияси чайқалган ҳолда бутун тунни ертўлада – кафел билан қопланган совуқ бассейнда ўтказган. Бундай зўравонликлардан сўнг овоза бўлишидан қўрқиб, куёвимнинг ўзи қизимни шифохонага олиб борган ва “ўзим йиқилиб тушдим”, деб айтишга мажбур қилган”, деб ёзади аёл.

Она қизининг калтакланганлари асоратлари акс этган суратни ҳам ҳавола қилган бўлиб, унинг айтишича, эксперт ушбу суратларга қараб унинг оғирлиги даражасини аниқлаш тугул уни тан жароҳати деб таснифлай олмаслиги ҳақида қарор чиқарган.

Бундан ташқари, қизи ва ўзида ҳимоя ордери борлигига қарамай, куёви унинг талабларини бузаётгани ҳақида бир неча маротаба мурожаат қилганига қарамасдан Яккасарой туман ИИБ ходимлари томонидан ҳеч қандай чора-тадбирлар кўрилмаётганидан шикоят қилган.

Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизматининг хабар беришича, 1992 йилда туғилган аёл Яккасарой тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимига ариза билан мурожаат қилиб, 1976 йилда туғилган турмуш ўртоғи унга тан жароҳати етказгани, шу боис унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан Яккасарой тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 105-моддаси (“Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) билан жиноят иши қўзғатилган. Эркак қамоққа олинган.

Мавзуга оид