Тошкентдаги Rayan Kids хусусий боғчасида болалар қийноққа солиб келингани маълум бўлди. Ота-оналарнинг айтишича, боғчада болалар мунтазам калтакланган, ҳақоратланган ва қийноққа солинган. Ота-оналарга видеоҳисобот учун болаларга берилган мевалар тортиб олинган, олти болага бир коса овқат берилган, ваъда қилинган тил курслари эса 2 дақиқадан ҳам ошмаган. Kun.uz воқеа жойида бўлиб, жабрланган оилалар, боғча маъмурияти ва масъул идоралар муносабатини ўрганди.
Пойтахтнинг Учтепа туманида жойлашган Rayan Kids хусусий боғчасида тарбиячиларнинг болаларга нисбатан зўравонлик қилаётгани акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Видеоларда айрим тарбиячиларнинг болаларни судраши, уриши, оғзига латта тиқиши ва камера тушмайдиган жойларга олиб кириши акс этган.
Kun.uz воқеа жойида бўлиб, фарзандлари мазкур боғчага қатнаган ота-оналар билан суҳбатлашди.
“Боғчанинг рекламаларига ишониб қолдик” – Rayan Kids’да қийноққа солинган болаларнинг ота-оналари
“Бизга болангизни соат 8:30-9 да ташлаб кетсангиз, ўн-ўн биргача овқатлантирамиз, 13:00 гача ҳовлида юради, олиб кирамиз, беш маҳал овқат, ҳаммаси чиройли, зўр бўлади, деб гуруҳларда рекламаларини кўрсатишган. У реклама экан. Кейин болам уч-тўрт кундан бери ярим кечаси туриб, бурчакларда йиғлайдиган бўлиб қолди. Келиб огоҳлантирдик. Тарбиячисини ишдан бўшатишди. Камерани очиб беришларини сўрадик, очиб беришмади. Кейин ўн-ўн беш кун ўтганидан кейин онаси боламнинг кўкарган жойларини ташлади менга. Беш-ўн кундан кейин яна кўкарган ҳолатлар бўлган. Эътибор беришмаган. 24 июн куни соат 13:00 ларда боланинг оёқлари кўкариб, баданлари шилинган, қўллари эзилган ҳолатда онасига “болани боғчада эрталаб шунақа ташлаб кетдингиз, шунақа бўлди” деб видео ташлашяпти. Мен жаҳл билан келиб, камерани очишларини талаб қилдим, чунки эрталаб болани ўзим кузатганман, бунақа жароҳати йўқ эди. Келиб камерани оч десам, камеранинг кодини билмасликларини айтишди, фақат телефон орқали кўриш мумкин экан. Телефон орқали кўрсам, болани зинадан судраб, уриб, тан жароҳати етказяпти. Ўзи етказган тан жароҳатини бир соат-бир ярим соатдан кейин қилган жиноятини яшириш мақсадида бизга видео қилиб ташлаб, тўнкаб қўйяпти. Кейин мутахассис чақиртирдим. Унга 1,5 млн сўм тўлаб, камерани кодини очтирдим. Ва камерани шу ерда қисман ёзиб олдим. Видеонинг 3-4 минутини кўриб, уёғини кўролмадим. Болаларнинг оғзига латта тиққани, ҳожатхонага олиб кириб қийнагани, калтаклагани, чимчилаб, ўймалаб кўкартириб ташлагани, бола тўполон қилса, камера йўқ жойларга, камералар олмайдиган жойларга олиб кириб кетяпти. Бу қанақа ваҳшийлик? Бола йиғласа, баданига бола нафас олмаслиги учун оғзи билан босиб ҳиққиллатяпти. Нафаси қайтиб ўлиб қолиши мумкин. 24 июнда ариза берсам ҳам шу кунгача чора йўқ. Боғча ҳалиям ишлаяпти, ўша раҳбарият, ўша тарбиячилар ҳалиям ишлаяпти.








