Жаҳон | 16:59 / 20.10.2022
10839
2 дақиқада ўқилади

Европа иттифоқи Эронга қарши санкциялар киритди

Европа иттифоқи аъзолари Россияга учувчисиз учар аппаратлари етказиб берилиши муносабати билан Эронга қарши янги санкциялар бўйича келишиб олди, деб хабар қилди Чехиянинг Европа иттифоқидаги раислиги. 

Фото: Reuters

«Европа иттифоқи элчилари Украинага зарбалар берган Эрон дронларини етказиб берувчи ташкилотларга нисбатан чора-тадбирлар тўғрисида келишиб олдилар», — дейилади Twitter’даги хабарда

Қайд этилишича, «Европа иттифоқи давлатлари уч нафар жисмоний шахс ва учувчисиз учоқлар етказиб бериш учун масъул бўлган бир ташкилотнинг активларини музлатишга қарор қилган, шунингдек, аввалги санкциялар рўйхатида бўлган яна тўртта Эрон ташкилотига нисбатан санкцияларни кенгайтиришга тайёр».

Бундан олдин Украиналик ҳарбийлар «Дронлар армияси» ва United24 учун маблағ йиғиш ташаббуслари доирасида харид қилинган яна 179 та учувчисиз учоқни фронтга жўнатганди. 

Украина Рақамли трансформация вазирлиги маълумотларига кўра, 146 та Mavic 3 дронлари ва 33 та Matrice RTK 300 қурилмалари бутун фронт чизиғи бўйлаб жойлаштирилади.

Қайд этилишича, ушбу учувчисиз учоқлар Херсон, Донецк, Харкив, Луҳанск, Запорижжя йўналишларида, шунингдек, мамлакат шимолидаги чегара ҳудудларида тарқатилади.

Аввалроқ Эрон Россияга ер-ер синфидаги ракеталар, шунингдек, учувчисиз учиш аппаратларининг қўшимча партиясини етказиб беришни ваъда қилгани маълум бўлганди. Бу ҳақда икки нафар Эрон расмийси ва икки нафар эронлик дипломатга иқтибос келтирган ҳолда Reuters агентлиги хабар берди.

Мавзуга оид