Муҳтарам ватандошлар!
Аввало, Сиз, азизларни бугунги қутлуғ айём – Ўзбек тили байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Инсон учун киндик қони томган Ватани, дунёга келтириб вояга етказган ота-онаси қанчалик азиз ва мукаррам бўлса, унинг ўзлиги ва маънавий оламини белгилайдиган она тили ҳам шунчалик қадрли ва мўътабардир.
Қадим туркий тилимизни илк бор илмий асосда тадқиқ этган буюк аллома Маҳмуд Кошғарийнинг: “Эрдам боши тилдур”, яъни “Барча эзгуликлар тилдан бошланур”, деган сўзларида теран ҳақиқат мужассам. Дарҳақиқат, одамзот қалбидаги жамики олижаноб фазилатлар она тилининг бетакрор мўъжизаси, сеҳри ва жозибаси билан камолга етади.
Халқимиз тафаккурининг тиниқ кўзгуси бўлган бу бебаҳо хазинани асраб-авайлаш ва ривожлантириш бугунги кундаги энг шарафли вазифаларимиздан биридир.
Улуғ мутафаккир Мир Алишер Навоий бобомизнинг: “Тилга эътибор – элга эътибор”, деган доно ўгитларига амал қилган ҳолда, юртимизда тил масаласида олиб борилаётган давлат сиёсати инсон қадрини улуғлашга қаратилган туб ислоҳотларимизга ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ўзбек тилини ривожлантириш, унинг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирини ошириш борасида янги босқич бошланди, десак, айни ҳақиқат бўлади.
Хусусан, 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни деб белгилангани унутилмас, тарихий воқеага айланди. Давлат тилининг нуфузи ва мақомини юксалтиришга қаратилган фармон ва қарорлар, меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Ушбу йўналишда 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепция ва алоҳида дастур ҳаётга жорий этилмоқда.
Бу ҳақда гапирганда, яқинда қабул қилинган тегишли қонунларга асосан реклама ва тарғибот материалларини давлат тилида эълон қилиш тартиблари ҳамда давлат фуқаролик хизматига қабул қилишда ўзбек тилини билиш даражаси бўйича аниқ талаблар белгиланганини таъкидлаш лозим.
Вазирлар Маҳкамаси таркибида Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаментининг фаолияти йўлга қўйилди. Марказда ва жойларда давлат тилини ўргатиш курслари иш олиб бормоқда.
Қисқа вақт ичида беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, ўндан ортиқ соҳага оид атамалар луғатлари, ўттиз жилдлик “Истиқлол даври ўзбек навоийшунослиги” тадқиқотлар мажмуаси яратилди.
Шу кунларда она тилимизда “Туркий адабиёт дурдоналари” номли юз жилдлик муҳташам тўплам нашрдан чиқаётгани, фаол ва истеъдодли ёшларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан интернет тармоғидаги ўзбекча маълумотлар электрон базаси бойитиб борилаётгани қувонарли ҳол, албатта.












