Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари иштирокида олий даражадаги музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедов икки мамлакат ўртасида Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларацияни имзолади.
Бундан ташқари, икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида кўп қиррали Ўзбекистон-Туркманистон ҳамкорлигини кенгайтиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди.

Хусусан:
- Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида сиёсий мулоқот, парламентлараро, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш бўйича 2022-2024 йилларга мўлжалланган Амалий ҳаракатлар режаси;
- Икки томонлама ташқи иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш тўғрисида битим;
- Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ҳудудларида савдо уйлари фаолиятини тартибга солиш тўғрисида битим;
- Илмий-техник ҳамкорлик тўғрисида битим;
- Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича Амалий чора-тадбирлар режаси;
- Дори воситалари ва тиббиёт буюмларини рўйхатга олиш тўғрисида битим шулар жумласидан.

Шунингдек, электр энергетикаси, божхона иши, ветеринария ва чорвачилик, кинематография ва бошқа йўналишлар юзасидан келишувларга эришилди.

















