Россиянинг Украинадаги қўшинларининг янги қўмондони генерал Сергей Суровикин бир неча кун олдин Россия телевидениеси учун ўзининг дастлабки дастурий баёнотини берди. Унинг чиқишининг катта қисми Херсон областидаги вазиятга бағишланган, бу ҳудудда маҳаллий расмийлар тинч аҳолини Днепрнинг ўнг соҳилига эвакуация қилишга киришган. Суровикин областда вазият мураккаблашгани, Днепр устидан таъминот украинларнинг мунтазам ракета зарбалари туфайли тўхтаб қолганини тан олган. «Энг қийин қарорларга қўл урилиши истисно этилмайди», — деди генерал. Шундан кейинги куни Владимир Путин босиб олинган ҳудудларда «ҳарбий ҳолат» эълон қилди, унга кўра маҳаллий аҳоли мажбуран кўчирилиши ҳам назарда тутилади. «Медуза» Россия қўмондонлиги Днепрнинг ўнг соҳилидаги гуруҳнинг мураккаб вазиятидан келиб чиққан ҳолда қандай «мураккаб қарорлар» қабул қилиши мумкинлигини таҳлил қилди.

Херсон атрофида россияликлар учун қандай «оғир вазият» шаклланган?

Шаҳар (областнинг шу номдаги маркази), шунингдек унинг атрофидаги бир қанча районлар Днепрнинг ғарбий (ўнг) соҳилида жойлашган. Октябр ойи бошида Россия таркибига қўшиб олинган Херсон областининг катта қисми эса шарқий соҳилда жойлашган, РФ қуролли кучларининг Украина жанубидаги барча гуруҳларининг асосий таъминот базалари ҳам (уларнинг бир қисми Қримда).

Бундай географик ўзига хослик олдинги чизиқдаги Россия бўлинмаларининг қийин позициясини белгилайди, улар бу ерга март ойидаёқ келиб қолишганди. Ўшанда Қримдан ҳаракатланган ҳаво-десант кучлари, денгиз пиёдалари ва мотоўқчилардан иборат бир неча кучайтирилган батальонлар украинлар мудофааси қулашидан фойдаланган ҳолда Херсонни эгаллаган ва бир неча йўналишда илгарилаганди:

  • ғарбга (Миколайив шаҳри чеккаларига);
  • шимоли-ғарбга (Южный Буг дарёсида Вознесенск шаҳри яқинида ўтган кўприк томон);
  • ва шимолга (Кривой Рог шаҳри атрофларига).

Асосий юриш йўналиши Вознесенск бўлганди, Россия қўмондонлиги бу ердан қўшинларни Одесса томон ташлашни мўлжаллаганди. Барча гуруҳларнинг таъминоти бир неча кўприклар орқали амалга ошириларди: Херсон яқинидаги Антонов автомобил кўприги, унга ёндош ўтган темирйўл кўприги ва 50 километр шарқда Нова Каховкадаги ГЭС тўғонидан ўтган иккиталик (автомобил ва темирйўл) йўл.

Аммо март ойидаёқ бундай амбицияли юришлар учун куч етишмаслиги аён бўлиб улгурди. РФ қуролли кучларининг захираларини бу йўналишларга дарҳол ташлаш имкони бўлмади ва қўшинлар Миколайив, Вознесенск ва Кривой Рогдан Херсон области чегараларига чекинишига тўғри келди. Бу ерда (шунингдек Миколайив областининг Снигиревка шаҳри атрофидаги плацдармда) улар узоқ муддат учун мўлжалланган мудофаа истеҳкомлари қуришга киришди. Географик жойлашув бу ҳудудда ҳимояланишни қулайлаштирарди: бу ҳудуд ўрмонзорлар деярли учрамайдиган кенг даштлардан иборат бўлиб, юриш қилаётган томон яширинча ҳаракатланишининг имкони йўқ; мудофаа линиясининг катта қисми Ингулец дарёси ёқалаб жойлашган.