Аввалроқ сайтимизда эълон қилинган “Тахминларга қурил(аёт)ган Тошкент: кўча номлари ва бино рақамларини қачон осон топамиз?” сарлавҳали мақолада пойтахтнинг марказий кўчаларидан бири бўлган Алишер Навоий кўчасидаги биноларнинг рақамланиш ҳолатларини ўрганиб, шоҳкўчанинг 4 километрлик қисмидаги 40 дан ортиқ бино ва иншоотларнинг 50 фоизи ҳам рақамланмагани гувоҳи бўлган эдик.
Яқин ўтмишга назар ташласак, 2020 йилнинг декабр ойида Тошкент шаҳар ҳокимлиги Теlegram-каналида “Сиз яшайдиган кўчада (мавзеда) кўчанинг ёки мавзенинг номи келтирилган кўрсаткич борми?” саволи билан сўровнома ўтказилган. Унда қатнашган минглаб пойтахтликларнинг ярми кўча ёрлиқлари йўқлигини маълум қилган. Демак, 2 йилда ҳам ўзгариш деярли йўқ.

Тошкент шаҳар ҳокимияти Рақамли ривожланиш департаментининг Kun.uz’га маълум қилишича, ўтган 2 йиллик давр мобайнида ташкилот ходимлари маҳаллалар, кўчаларда юриб, бундай манзилсизлик ва мантиқсизликлар сабабларини ўрганишган.
Ўрганишлар жараёнида 1860 йилдан бугунги кунгача бўлган архив ҳужжатлари, турли йиллардаги хариталар, Тошкент шаҳрининг 1978, 1992 ва 2005 йилларда нашр этилган топопланлари ва бошқа маълумотлар ўрганиб чиқилиб, таҳлилдан ўтказилган.

Кўча ёрлиқлари шунчаки рақамланиб, деворга осиб қўйиш, дегани эмас. Йилларки оқсоқланаётган бу йўналишда муаммолар талайгина. Айтайлик:
– географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича филология, география, тарих ва тегишли фаолият соҳаларида махсус билимларга эга бўлган экспертлар ва мутахассисларнинг жалб этилмаётгани;
– янги объектларга номлар ўз вақтида берилмаслиги;
– таҳлилларнинг йўқлиги;










