Ўзбекистонга “насилка”да қайтдим...

Фарғона вилояти Бешариқ тумани Шоберди қишлоғида яшайман. Россияга дастлаб 1997 йилнинг кузида борганман. 10 йилдан ошиқроқ муҳожирлик нонини едим. У ерда асосан уй таъмирлаш ишлари билан шуғулландим. Сантехник, электриклик ҳам қилдим.

Шу давр мобайнида уйга пул жўнатиб турдим. Рўзғордан орттириб жамғарган маблағга икки машина ва икки ер участкаси сотиб олдик. Ҳозирги яшаётган уйимизни эл қатори таъмирладик. Фарзандларимни 6-синфдан химия ва биологияга ихтисослаштирилган махсус мактабга бердик. Катта ўғлимнинг ўқиганини кўрган укалари унинг ортидан эргашди. Қолган фарзандларимни ҳам 6-синфдан репетиторга бердик. Худо етказиб турди.

Бахтиёр Саидаҳмедов оиласи билан

Муҳожирликда 10 йил ишлаганимдан кейин оғир юк кўтариш оқибатида белимдан грижа орттириб олдим. Бир ойча тўшакка михланиб ётиб қолдим. Бахтимга атрофимда андижонлик ҳамроҳларим бор эди, касаллик хуруж қилган пайтларда улар тез ёрдам чақириб далда бўлиб туришди. Оғриқ кучайган кунларнинг бирида дўстларим аэропортга “насилка”да олиб боришди. У ердан Ўзбекистонга учдим...

Хавотирланишмасин деб касал бўлганимни уйдагиларга атай билдирмаган эдим. Ўзбекистонга келиб тўғри шифохонага ётдим. Муолажадан сўнг оёққа туриб кейин уйга келдим. Фарзандларим анча эсини таниб улғайиб қолишган экан. Аҳволимни кўриб қайтиб Россияга жўнатишмади.

5 талабани ўқитиш учун икки машина ҳам сотилди...

Катта ўғлим Андижон давлат тиббиёт институтига шартнома асосида ўқишга кирди. Унинг ортидан иккинчи ўғлим Украинадаги олийгоҳ талабаси бўлди. Унга ҳар йили 8 минг доллардан тўлашга тўғри келди. Аҳвол танглигидан Россияда ишлаб орттирган икки машинадан бирини сотишга мажбур бўлдим. Украинадаги ўғлим икки йилдан кейин ўқишини АДМИга кўчириб келди. Ўтган йили катта ўғлимни уйладим. Келиним ҳам талаба. У ҳам шартнома асосида ўқийди.