12:00 / 24.10.2022
9959

Янги Ўзбекистон Француз бокси “Сават” жаҳон ареналарида!

Фото: Туронбанк

Шубҳасиз айтиш мумкинки, бугун жаҳон ҳамжамияти эътиборида янги Ўзбекистондаги ўзгариш ва қўлга киритилаётган ютуқлар кенг муҳокама қилинмоқда. Айниқса, спортчиларимизнинг дунё ареналарида эришаётган муваффақиятлари, ўзбек деган номнинг баралла тараннум этилишида катта аҳамият касб этяпти.

Албатта, бунинг замирида мамлакатимизда юртбошимиз томонидан айни йўналишга берилаётган имконият ва яратилаётган шароитларнинг алоҳида ўрни бор. Мана масалан, ташкил этилганига эндигина 3 йил бўлган, юртимиз учун янги спорт тури ҳисобланмиш француз бокси “Сават”, бугун қамров даражасини кундан – кунга ошириб, бутун республика миқёсида 2 мингга яқин ўғил-қизларни ўзининг атрофида бирлаштирди. Нисбатан қисқа вақт оралиғида унинг “Комба” ва “Ассо” йўналишлари бўйича “Ўзбекистон кубоги” ва “Ўзбекистон чемпионати” мусобақалари ўтказилди.

Фото: Туронбанк

Бундан ташқари, янги Ўзбекистон француз бокси “Сават” ассоциацияси президенти “Туронбанк” АТБ Бошқарув Раиси Мирзаев Чори Садибакосович саъй-ҳаракатлари билан атлетларимиз Италиянинг Милан шаҳрида ўтган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида илк бора қатнашиб, 2 та бронза медалини қўлга киритишди.

Фото: Туронбанк

Шунингдек, Бангладеш мамлакатининг Дакка шаҳри мезбонлик қилган 3-Осиё чемпионати ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун омадли келиб, спортчиларимиз “Ассо” ва “Комба” йўналишларида 3 та олтин, 3 та бронза медалига эга қилишди.

Қолаверса, вакилларимиз Болгариянинг Пловдив шаҳрида ташкил этилган халқаро чемпионатда ҳам муваффақиятли иштирок этиб, 7 та олтин, 5 та кумуш ва 2 та бронза медалига муносиб кўрилишди.

Фото: Туронбанк

Яна бир эсда қоларли ва ассоциация учун керакли натижани олиб келган ютуқ Сербия давлатида ўтган ёшлар иштирокидаги “Жаҳон чемпионати” ва кадетлар ўртасидаги “Жаҳон кубоги” мусобақалари бўлди. Унда ҳамюртларимиз 2 та олтин ва 2 та бронза медалига эга бўлишди.

Фото: Туронбанк

300 йиллик тарихга эга мазкур спорт турини мамлакатимизда янада ривожлантириш, айни йўналишда ёшларга таълим бераётган мутахассисларнинг малакасини ошириш мақсадида янги Ўзбекистон француз бокси “Сават” ассоциацияси ташаббуси билан турли спорт йиғинлари ва махсус семинар – тренинглар ҳам мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.

Мана масалан, 2021 йилнинг 16 - 22 сентябрь кунлари юртимизга Осиё “Сават” конфедерацияси президенти Ҳамид Реза Хесараки бошчилигидаги делегация аъзолари ташриф буюришган бўлса, жорий йилнинг 8-14 октябрь кунлари Осиё “Сават” конфедерация техник комиссия раиси Жан Паскал Санторо жаноблари таклиф этилди.

Фото: Туронбанк

100 дан ортиқ спортчи, мураббий ва ҳакамлар иштирок этган мазкур йиғинларда “Сават” боксининг ҳам назарий ҳам техник қоидалари, жангларда эътибор қаратиш лозим бўлган муҳим жиҳатлар, баҳолаш тизимлари каби кўплаб йўналишларда маълумотлар берилиб, ассоциация аъзоларининг малакалари оширилди. 

Ўзбекистон француз бокси Сават ассоциацияси бош Котиби Шуҳрат Ходжаевнинг таъкидлашича, бу тажрибалар уларга 2023 йил Тошкентда ўтадиган

4-Осиё чемпионати, Австрия давлати мезбонлик қиладиган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати, Хорватияда ташкил этиладиган катталар иштирокидаги Жаҳон чемпионати ва Саудия Арабистонининг “World combat games” мусобақаларида асқатади.

Фото: Туронбанк

Маълумот ўрнида айтиш керак, мазкур спорт тури “Сават” французча кўча жангларидан келиб чиққан бўлиб, оёқ зарбалари ва юзга уриш билан курашиш услубини эслатиб юборади. У 1924 йил Париж шаҳрида ўтказилган ёзги Олимпия ўйинларида расмий спорт турларидан бири бўлган ва Франциянинг давлат мероси ҳисобланади.

Фото: Туронбанк

Халқаро Сават Федерацияси 1985 йил 23 март санасида ташкил этилган бўлиб, нодавлат мустақил халқаро спорт ташкилотидир. Бугун кунда 90 га яқин давлатларда мазкур спорт тури ривожланиб, мунтазам равишда Жаҳон, Европа ва Осиё чемпионатлари ўтказилиб келинмоқда. Ўзбекистон француз бокси “Сават” ассоциацияси эса 2019 йилда мазкур халқаро федерацияга аъзо бўлган ва унинг доирасидаги мусобақаларда муносиб иштирок этиб келмоқда.

Фото: Туронбанк

Реклама

Top