Маълум бўлишича, Юқори Чирчиқ тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Қизилсой бўйига номаълум шахслар томонидан кўп миқдорда парранда ўлиги ташлаб кетилган. Ҳодисага жамоатчилик эътиборини қаратган Иномжон Раимов ўлган товуқлар сой бўйига 19-20 октябрь кунлари ташлаб кетилганини айтмоқда.
“Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеонинг муаллифи менман. Видео 24 октябрда олинган. Ўлган товуқлар эса ундан тўрт-беш кун олдин ташлаб кетилган экан. Икки-уч тонна атрофидаги товуқ ўлигининг ҳидидан атрофда юриб бўлмай қолди.
Бизни ўйлантиргани бу товуқлар нимадан ўлган? Уларнинг қанчаси бозорга чиқиб кетди-ю, қанчаси бу ерга ташлаб кетилди? Чунки булар касаллангани эҳтимоли юқори. Агар касалланмаса, бунча миқдордаги товуқ бир вақтда нобуд бўлмайди” дейди мурожаатчи Иномжон Раимов.

Маҳаллий аҳоли ушбу ҳудудга яқин масофада иккита товуқ фабрикаси борлиги, ўлган товуқлар фабрикадан чиққан бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.
Эътиборлиси, Давлат экология қўмитаси маҳаллий аҳолининг мавзуга доир мурожаатларини эътиборсиз қолдирган. Ҳолат акс этган видео интернетда шов-шувларга сабаб бўлгач, мутасаддилар ҳаракатга тушиб қолгани айтилмоқда.

“Шунча ўлган товуқ қаердан чиққанини билиш мақсадида Давлат экология қўмитасига мурожаат қилдик. Ўн беш кун ичида мурожаатингиз кўриб чиқилади дейилган. Мендан ташқари ҳудудда яшовчи бошқа одамлар ҳам қўмитага мурожаат қилишди. 19 октябрь куни заявкани бергандик. 15 кун ичида аризамизни қўмитанинг вилоят бошқармасига жўнатилишини айтишди.
Аммо ўн беш кун кутиб туролмасдик. Шу боис ҳолатни видеога олиб, Теlegram-каналларга тарқатдик. Ижтимоий тармоққа видеони жойлаганимиздан кейин туман экология бўлими масъуллари келиб, ҳудудни тозалатишга киришишди” дейди мурожаатчи.
Суриштирувимиз давомида Қизилсой соҳилида бундан бошқа чиқиндилар ҳам кўплигига шоҳид бўлдик. Масъуллар бу вазият маҳаллий аҳоли ва ташкилотлар томонидан вужудга келтирилаётганини таъкидлашди.












