Навоий вилоятининг Хатирчи туманида тоғда дўлана терган шахслар жаримага тортилди. Бу ҳақда вилоят Экология бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, Хатирчи тумани экология ва иқлим ўзгариши бўлими экополиция ходимлари томонидан рейд тадбири ўтказилган. Унда Ангидон маҳалласи ҳудудида икки киши тегишли рухсатномасиз дўлана меваларини йиғиб, олиб кетаётгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан Ш.С. ва Ё.Р.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-1-моддаси (ўсимлик дунёси объектларини йиғиш, тайёрлаш ва улардан фойдаланиш тартиби ҳамда шартларини бузиш) 1-қисми билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

“Ҳуқуқбузарлардан бирига БҲМнинг 10 баравари, иккинчисига эса 7 баравари миқдорида, жами 7 млн 480 минг сўм маъмурий жарима белгиланди. Шунингдек, табиатга етказилган зарар 1 млн 3 минг сўм этиб ҳисобланди”, дейилади хабарда.

Энди дўлана терган “ҳуқуқбузарлар“ қарийб 7,5 млн сўм жарима ва 1 млн сўм табиатга етказилган зарарни тўлаши керак бўлади.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлардан махсус фойдаланиш ҳуқуқи электрон онлайн-аукцион савдолари орқали берилади.

Бундан бир неча йил аввал Навоийда экологлар эчкиси тут баргини еган шахсни 2,6 млн сўмга “туширишгани” эътирозларга сабаб бўлганди.