Россия армияси 2 ноябр куни Запорижжя областининг Камишеваха шаҳри бўйлаб икки бор авиабомба ташлади. Маҳаллий расмийларга кўра, ҳужум оқибатида 33 киши ҳалок бўлган.
Украина президенти Володимир Зеленскийнинг маълум қилишича, зарба собиқ мактаб биноси бўйлаб берилган. Камишеваха фронт чизиғидан тахминан 20 километр масофада жойлашган, шу туфайли болалар ушбу шаҳардан июн ойидаёқ мажбуран эвакуация қилинганди, бинодан эса гуманитар мақсадларда ва бошпана сифатида фойдаланиб келинган.
Зеленскийнинг айтишича, ҳар ҳафтанинг душанба кунида ушбу бинода инсонпарварлик ёрдами тарқатилган. Шу куни ҳам биринчи зарба берилган вақтда бу ерда шаҳар аҳолиси тўпланганди. «Кейин такрорий зарба йўлланган: бу сафар авиабомбалар тўғридан тўғри бомбапанагоҳга тушган», – дея қайд этади у.
Запорижжя области ҳарбий маъмурияти раҳбари Михайло Семикин аниқлик киритишича, Россия армияси жами тўққиз бор зарба берган: аввалига ФАБ-500 бомбалари, унинг ортидан янада кучлироқ бўлган ва бетон истеҳкомлар ҳамда бункерларни бузишда қўлланадиган ФАБ-3000 бомбалари ташланган. Унинг қайд этишича, бомба тўғридан тўғри тушиши оқибатида ичида одамлар бўлган ер ости бетон конструкцияси вайронага айланган.
Қурбонлар орасида қутқарувчилар ва полициячилар ҳам бор.
Ҳозирда воқеа жойида тозалаш ишлари давом этмоқда. Семикиннинг сўзларига кўра, 50 киши бедарак йўқолганлар рўйхатида қолмоқда.
Зеленский россиялик ҳарбийлар бу бинодан гуманитар объект сифатида фойдаланилганидан хабардор бўлганини айтган ва ҳодисани «террорчилик зарбаси» деб атаган.
«Агар Россия чиндан ҳам деэскалацияга интилганида, унда ҳозир –Олешкидаги воқеалардан кейин – гуманитар ташаббусни давом эттириш учун энг яхши вақт эди. Биз шуни таклиф қилгандик. Аммо Россия ўлдиришда давом этмоқда», – деган Украина президенти.
Запорижжя областида 3, 4 ва 5 ноябр мотам кунлари деб эълон қилинди.
РФ мудофаа вазирлиги ўз ҳисоботида Винница, Днипропетровск, Одесса ва Харкив областлари бўйлаб берилган зарбаларни тилга олган, аммо Камишевахага берилган зарба юзасидан тўхталмаган.
Камишевахага йўлланган зарба оқибатлари акс этган суратлар:























