Ўзбекистон | 14:27 / 28.10.2022
8797
3 дақиқада ўқилади

Ўқишга кириш кўрсаткичи: мактаб директори эмас, ўқувчиларнинг ота-оналари рағбатлантирилиши керак

Ўқишни давом эттирмоқчи бўлган ўқувчи мактабга эмас, репетиторга боради. Ўқув марказлари битирувчи синфлар билан тўла. Йигит-қизлар чет тилидан сертификат олишга бор диққатини қаратган.

Фото: Kun.uz

Халқ таълими вазирлигининг Telegram-каналида ҳар бир тумандан бир нафардан битирувчилари олий таълим муассасаларига киришда энг юқори натижа кўрсатган мактаб директори Жўқорғи Кенгес томонидан 10 млн сўм пул мукофоти билан тақдирланиши ҳақидаги хабарни ўқиб, очиғи ҳайрон қолдим.

Телеграмдан скреншот

Бугун олий таълим даргоҳларига ўқишга кираётган ўқувчилар мактабда олган билими билан киряптими? Мантиқан олганда директорни тақдирлаш тўғридир.

Раҳбар ишни тўғри ташкил этса, ўқитувчининг зиммасига ортиқча иш юкламаса, дарс сифатини талаб қилса, ўқитувчи ўқувчига яхши таълим беради. Яхши ўқиган ўқувчи эса ўқишга киради.

Директор рағбатлантирилганидан сўнг ўзи ишлаётган даргоҳда таълим сифатини оширишга янада кўпроқ эътибор қаратади. Ўқувчилари ўқишга кирган ўқитувчиларни рағбатлантиради. Рағбат, меҳнатларининг эътироф этилиши кимга ёқмайди, дейсиз. Ўқитувчи ҳам ўқувчиларни ўқитишнинг замонавий ва самарали усулларини излаб ўз устида ишлайди.

Лекин мактабларда вазият ўйлаганимиздан бошқачароқ. Ўқишни давом эттирмоқчи бўлган ўқувчи мактабга эмас, репетиторга боради. Ўқув марказлари битирувчи синфлар билан тўла. Йигит-қизлар чет тилидан сертификат олишга бор диққатини қаратган.

“Тезроқ тил сертификати олсам, кейин қолган фанларга тайёрланаман. Мактабга чораклик назоратлар бошланганда бораман. Синф раҳбаримга онам тушунтирганлар, ўқишга тайёрланаётганимни. Мактабимизда менга ўхшаганлар кўп”, дейди инглиз тилидан репетиторга қатнаётган қизлардан бири.

Тил сертификати олса, мактабга “плюс”, мана бу мактаб ўқувчиси мана бунча кўрсаткич билан тил сертификати олди, деб инглиз тили ўқитувчиси ёки директор ўқувчи билан тушган расм ижтимоий тармоқларда айланади.

Ўқишга кирса, яна мана бу мактабдан мана бунча фоиз ўқувчи университетга ўқишга кирди дейишади. Ҳеч ким ота-онаси репетиторга бергани учун ўқишга кирди демайди.

Балки боласининг таълим олиши учун шароит яратиб бераётган, ўзи емай-ичмай фарзандларининг қўшимча дарслари-ю, дарсликларига пул топаётган ота-оналарни рағбатлантириш керакдир?!

Қўли юпқа бўлса ҳам бир неча нафар фарзандини “контракт” ўқитаётган оталарни, оналарни тақдирласак кўпроқ фойда бўлармиди, дейман-да. 

Чарос Маннонова

Мавзуга оид