12:11 / 29.10.2022
8317

Дубайда қаровсиз қолган 11 ёшли бола Ўзбекистонга қайтарилди

Бирлашган Араб Амирликларида қаровсиз қолган 11 яшар ўзбекистонлик бола мамлакат дипломатик миссиялари ва ватандошлар саъй-ҳаракатлари билан республикага қайтарилди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Маълум бўлишича, вояга етмаган Р.А. БААга онаси билан бирга борган. Ушбу аёл БААда бўлиб туриш қоидаларини мунтазам бузгани сабабли мамлакатдан чиқариб юборилган. Бироқ тегишли ҳужжатлардаги муаммолар сабабли унинг вояга етмаган фарзандининг БААдан чиқиб кетишида тўсиқлар юзага келган.

Мамлакат Абу-Дабидаги элчихонаси ва Дубай шаҳридаги Бош консулхонасига ушбу масала бўйича қилинган мурожаат назоратга олинди. БАА тегишли органлари билан олиб борилган музокаралар натижасида юзага келган барча муаммолар бартараф этилди ва вояга етмаган бола «Дубай-Самарқанд» авиақатнови билан Ўзбекистонга қайтарилди.

Ушбу фуқарони Ўзбекистонга жўнатиш билан боғлиқ барча харажатлар Бош консулхона ва Дубайда тадбиркорлик билан шуғулланаётган ватандошлар томонидан тўлиқ қоплаб берилди.

Ўзбекистон дипломатик миссиялари БААга сафар қилаётган ватандошларни мезбон давлат қонунлари билан батафсил танишиш ва ушбу мамлакатда бўлиб туриш бўйича жорий қилинган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларда белгиланган талабларга қатъий риоя қилишга чақирган.

Top