Жаҳон | 17:13 / 31.10.2022
4876
2 дақиқада ўқилади

Евроҳудудда инфляция биринчи марта 10 фоиздан ошди

Фото: AP

Октябрь ойида Евроҳудудда истеъмол нархлари 10,7 фоизга ошди. Бу ҳақда Евростат маълумотларнинг биринчи баҳосига таяниб хабар қилди. Болтиқбўйи мамлакатларида инфляция тахминан 22 фоизни ташкил этди.

Дастлабки маълумотларга кўра, евроҳудудда истеъмол нархлари октябр ойида 2021 йилнинг шу ойига нисбатан 10,7 фоизга ошган. Шу тариқа, инфляция даражаси янги тарихий максимал даражага етди ва 1999 йилда евро жорий этилганидан бери биринчи марта ўн фоизлик белгидан ошиб кетди, деб хабар берди Люксембургдаги Европа статистика бошқармаси (Евростат) 31 октябр, душанба куни олинган маълумотларга таяниб.

Ўтган ойда бўлгани каби, октябр ойида ҳам энергия ташувчилар нархлари айниқса кучли ошди – 41,9 фоизга. Озиқ-овқат маҳсулотлари 13,1 фоизга қимматлашди. 

Октябрь ойида инфляция даражаси Болтиқбўйи мамлакатларида бошқа еврозона давлатларидан юқори бўлиб, уларнинг ҳар бирида тахминан 22 фоизни ташкил этди. Бундан ташқари, энг юқори кўрсаткич Нидерландияда қайд этилган - деярли 17 фоиз. Франция (7,1 фоиз) ва Испанияда (7,3 фоиз) бошқа мамлакатларга нисбатан истеъмол нархлари ўртача даражада ошди. Германияда, Евростат маълумотларига кўра, октябрь ойида инфляция 11,6 фоизни ташкил этди. Ўз навбатида, Германия Федерал статистика бошқармаси 28 октябрь куни бу кўрсаткич октябрь ойида 10,4 фоизни ташкил этишини тахмин қилди. AFP таъкидлашича, Евростат турли мамлакатлар кўрсаткичларини таққослаб, бошқа ҳисоблаш усулларидан фойдаланади. 

Сентябрь ойида евроҳудудда инфляция 9,9 фоизни ташкил этди. 

Рекорд инфляция ва Россиянинг Украинада давом этаётган урушига қарамай, евроҳудуд иқтисодиёти учинчи чоракда бироз ўсди. Еврогуруҳ мамлакатлари ялпи ички маҳсулоти июлдан сентябргача бўлган даврда иккинчи чоракка нисбатан 0,2 фоизга ўсди, дея хабар беради Евростат. 

Мавзуга оид