ANORBANK Ўзбекистондаги илк миллий рақамли банк сифатида 2 йилдан ошиқ вақт мобайнида мамлакатимиз молия бозорида муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда. Банк молиявий кўрсаткичлари ва мижозлар сонининг ошиши маҳсулот ва хизматлар мижозларга маъқул келаётганидан далолат беради.
ANORBANK рақамли банк сифатида бошқа тижорат банклари, шунингдек, IT-банклар ва финтех компаниялар орасида биринчилардан бўлиб банк хизматларини тўлиқ рақамлаштирди: ҳусусан мижозларни идентификация қилишдан тортиб, барча банк маҳсулотларини масофадан туриб олиш имкониятини яратди.

Ўтган қисқа давр ичида ANORBANK:
- хусусий банклар орасида активларнинг ўсиш кўрсаткичлари бўйича 2- ўринни (178%);
- хусусий банклар орасида муомаладаги карталар сони бўйича 3- ўринни;
- банк мобил иловасини юклаб олиш бўйича Ўзбекистонда энг юқори ўринлардан бирини (3 млн дан ортиқ) эгаллади.
ANORBANK мобил иловаси Play Market иловалар порталида 4,7 баҳога эга бўлиб, банк мобил иловалари ичида энг юқори кўрсаткичдир.
Банкнинг асосий миссияси - яширин иқтисодиётдаги мавжуд пул айланмасини банк секторига олиб ўтишдан иборат.
Анорбанк ўзининг кредит маҳсулотлари билан қора норасмий бозор (норасмий кредит жамоалари) билан рақобатлашишни мақсад қилган.
Шунингдек, банк фуқаролар учун банк хизматларидан кечаю кундуз эркин ва осон фойдаланиш имкониятини яратиш устида ишламоқда. Шу жумладан, ҳисоб рақамлари, банк карталари ва депозитларидаги маблағлар ҳамда қарз маблағлардан (булар микрокредитлар, бўлиб тўлаш хизматидан, овердрафтлардан), шунингдек, барча турдаги молиявий ва тўлов операцияларидан чекловларсиз 24/7 форматда фойдаланишни йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ахборот технологиялари соат сайин ривожланиб бораётган, кибер ҳужумлар, интернет орқали фирибгарлик қилиш ҳолатлари авж олаётган бугунги кунда мижозлар ва уларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. Истеъмолчилар учун рақамли хизматлар хавфсизлиги борасида ANORBANK ўз стратегиясини ишлаб чиққан.














