Ҳозирда ANORBANK акцияларни жойлаштириш ва капитални амалда ошириш учун қонунчилик ҳамда корпоратив тартиб-таомилларда белгиланган босқичлардан ўтмоқда.

2 октябрь куни банк акцияларининг 49,4 фоизига эгалик қилувчи Қаҳрамонжон Олимов Кузатув кенгашидан чиқиш тўғрисида ариза берди. Ушбу масала 28 октябрь куни акциядорларнинг умумий йиғилишида кўриб чиқилади.

ANORBANK одатдаги тартибда фаолият юритмоқда: депозитлар, кредитлар ва тўловлар бўйича операциялар узлуксиз амалга оширилмоқда. Марказий банкнинг 2026 йил 1 сентябрь ҳолатидаги маълумотларига кўра, банк барча пруденциал нормативларга риоя қилмоқда:

• Юқори ликвидли активлар — 16,9%, белгиланган минимал талаб — 10%.

• Ликвидликни қоплаш коэффициенти (LCR) — 116%.

• Соф барқарор молиялаштириш коэффициенти (NSFR) — 128%, белгиланган талаб — 100%.

• Регулятив капитал етарлилиги — 13%, белгиланган норматив — 12%.

Алоҳида акциядор билан боғлиқ ҳолатлар банкнинг кундалик фаолияти ва молиявий барқарорлигини белгиламайди.

Fitch рейтинги — агентликнинг ўз методологияси асосида берилган ташқи баҳосидир. ANORBANK учун асосий мезон регулятор талабларига риоя қилиш бўлиб, банк ушбу талабларни тўлиқ бажармоқда. Қўшимча акциялар чиқарилиши агентлик томонидан кўтарилган асосий масала — янги капитал манбаси билан боғлиқ саволни ҳал этишга қаратилган.

Баҳолашлардаги фарқ нимада?

Fitch капитални ўз методологияси асосида ҳисоблайди. Ушбу методологияда номоддий активлар, жумладан, сотиб олинган дастурий таъминот ҳам ҳисобга олинмайди. ANORBANK учун эса бу сезиларли харажат йўналишларидан биридир.

Банк фаолиятининг дастлабки тўрт йилида масофавий хизмат кўрсатиш учун ўз тизимларига сармоя киритди. Улар қаторига скоринг, CRM, кредит конвейери, карталарни етказиб бериш ва мониторинг платформалари киради. Ушбу тизимларнинг кўпчилиги лицензия асосида фойдаланиш учун эмас, балки мулк сифатида сотиб олинган.

Шу сабабли Fitch методологиясига кўра, 2025 йил якунида таваккалчилик даражаси бўйича ҳисобланган активларга нисбатан асосий капитал кўрсаткичи 0,9 фоизни ташкил этган. Капитални тиклаш режаси ушбу кўрсаткични 2026 йил охиригача 5 фоизга етказишни назарда тутади. Қўшимча акциялар чиқарилиши ушбу режани амалга ошириш учун зарур маблағларни таъминлашга қаратилган.