Ўзбек бизнес оламида йирик тадбиркор сифатида кўриладиган Қаҳрамон Олимов халқаро қидирувга берилди. Унинг исми Интерполнинг “қизил билдиришномалар” рўйхатида пайдо бўлди.
Қидирув карточкасида Қаҳрамон Олимов 1977 йил 7 майда Андижон вилоятида туғилгани, Ўзбекистон фуқароси экани ҳамда ўзбек, рус ва инглиз тилларини билиши баён қилинган. Бироқ унинг қандай турдаги жиноятда айбланаётгани, қидирув ташаббускори ва бошқа тафсилотлар кўрсатилмаган.
Аввалроқ The Insider нашри Қаҳрамон Олимовнинг яқинларидан бўлган манбага таяниб, у Ўзбекистонда сиртдан қамоққа олингани ва халқаро қидирувга берилгани ҳақида ёзганди.
The Insider хабаридан сўнг Анорбанк расмий баёнот билан чиқди. Унда воқеа банкнинг капитали, бошқаруви ёки операцион фаолиятига алоқадор бўлмаган акциядорлардан бирининг шахсий масаласи сифатида изоҳланди.
“Ушбу масалаларни банк фаолияти билан аралаштириш нотўғри ва йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолатдир. Мазкур масала юзасидан банкка ҳеч қандай расмий тасдиқ ёки сўров келиб тушмаган. Турли манбаларда тарқатилаётган маълумотлар расмий маълумотлар билан тасдиқланмаган ва ваколатли органлар томонидан тасдиқланган далилларга асосланмаган”, дейилади банк муносабатида.
Анорбанкнинг Kun.uz’га маълум қилишича, банк штат режимида ишламоқда ва ОАВларда тарқалаётган хабарларнинг банк фаолиятига алоқаси йўқ.
Париж воқеаси
2025 йил июлда Франциянинг Le Monde нашри ўзбек молия магнати Париж марказида ўғирлаб кетилди, сўнг товон пули эвазига қўйиб юборилди, дея хабар тарқатганди.
Нашрнинг ёзишича, Анорбанк акциядори Қаҳрамон Олимов 2025 йил 23 июн куни Парижнинг 8-туманида ўғирлаб кетилган ва 2 кун тутқунликда ушлаб турилган.
Ўшанда Олимовни 5 млн долларлик қарз ҳақида тилхат ёзиб беришга мажбур қилишган. Тадбиркор ҳайдовчиси орқали Тошкентдаги воситачига 200 минг доллар аванс ўтказиб бергани айтилганди

















