Ўзбекистонлик тадбиркор, ANORBANK акциядори Қаҳрамонжон Олимов халқаро қидирувда экани ҳақидаги маълумот Интерпол сайтида ортиқ кўринмаяпти.
Аввалроқ ANORBANK баёнот билан чиқиб, “акциядор билан боғлиқ ҳолатлар банкнинг кундалик фаолияти ва молиявий барқарорлигини белгиламаслиги”ни маълум қилганди.
Қайд этилишича, банк одатдаги тартибда фаолият юритмоқда: депозитлар, кредитлар ва тўловлар бўйича операциялар узлуксиз амалга оширилмоқда, шунингдек, Марказий банкнинг барча пруденциал нормативларига риоя қилинмоқда.
5 октябр куни ANORBANK акциядорларининг умумий йиғилиши янги инвестицияларни жалб қилиш мақсадида 100 млрд сўмлик қўшимча акциялар чиқарилишини тасдиқлаган.
Куни кеча ANORBANK учинчи чорак якунлари бўйича молиявий ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра, банк активлари ҳажми учинчи чоракда 18,74 трлн сўмдан 20,32 трлн сўмгача ошган. Сентябр якуни бўйича кредит портфели 13,08 трлн сўм, ўз капитали 1,51 трлн сўм, мижозларнинг омонатлари 15,23 трлн сўмни ташкил этган.
“Банкнинг омонатлар рўйхати турли аудиториялар ва жамғарма мақсадларига мос равишда янгиланди.
Банк кичик ва ўрта бизнесга эътиборини кучайтирмоқда ва иловани молиявий хизматларнинг экотизими сифатида ривожлантирмоқда: валюта айирбошлаш, халқаро ўтказмалар, омонатлар ва премиум хизматлар. Мақсад – мижозларга кундалик молиявий эҳтиёжларни битта иловада ҳал қилиш имконини беришдир”, – дея маълум қилди банк матбуот хизмати.
















