Бир йилча аввал ижара уйимга бир қўлимда оғир юк, бир қўлимда болам билан етиб келдим. Эшик қулф экан. Уй эгасига қўнғироқ қилдим. Фарзандидан ярим соатда калитни бериб юборишини айтди.
Қишнинг кунида ёш болани ярим соат совуқда кўтариб туриш азоб, шамоллаб қолмасин деб қўрқади одам. Синглим иккимиз юкларни эшик олдига қўйиб, фарзандимни бағримга босиб турсам, тўртинчи қаватдан бир онахон тушиб келди:
«Ассалому алайкум. Бу ерда нима қилиб ўтирибсизлар?»
Меҳрибонлик билан берилган бу савол ўша дамда «Зумрад ва Қиммат» эртагидаги сеҳргар момони эслатиб юборди. Салом бериб вазиятни тушунтирдик.
«Бу ерда ўтирманглар, қани туринглар, меникига кирамиз», — деб қўярда қўймай уйига бошлади.
Онахон бир зумда олдимизга дастурхон ёзиб, уни ноз-неъматлар билан тўлдириб ташлади. Сайловга кетаётганини, ярим соатларда ўзи ҳам қайтишини, ўз уйимиздек чой ичиб ўтиришимизни айтиб чиқиб кетди.
Уйда биздан бошқа ҳеч ким йўқ. Мен синглимга, синглим менга қарайди. Тавба, ҳозир ҳам шундай одамлар бор экан-да, деймиз. Бир ўйланг-а, ким танимаган, билмаган одамини уйига олиб киради? Меҳмон қилиб, уйини очиқ қолдириб чиқиб кетади?
Шу бўлди-ю, қўшни хола билан борди-келди қиладиган бўлдик. Тансиқ таом қилганда илинмасак кўнгил жойига тушмайди. Мен учун қўшни холага айланган Мавжуда опа жуда камтар экан.
«Барчамиз мусулмон бўлсак, бир-биримизга керак вақтда ярамасак, эътиқодимиз қайга кетади», — дейди.
Бугун сўзимиз сўзимизга уланиб, асли Қашқадарёдан бўлган қўшни холамнинг пойтахтга келиб қолиш тарихига қизиқдим. Гапни гап очади, деганларидек, гурунгимиз мавзуси бориб ота-оналарига тақалди.
«Ўқиганимда ҳоким бўлардим»
Мактабда бизга атеизм дарслари ўтиларди. Худо йўқ, дерди ўқитувчилармиз. Бола эмасмизми, шунга ишонганмиз. Уйга келиб онамга мактабда ўрганган гапимни айтсам, тез тавба қил, деб калимаи шаҳодатни айттирардилар.
Онам беш вақт ибодатини ҳам, ишини ҳам қўймайдиган аёл эди. Бобомнинг уч ўғил бир қизлари бўлган экан. Доим онамни елкаларига миндириб, амакилари билан кураш туширтириб юрган эканлар. Бобом келбатли инсон эди. Доим эшак миниб юрарди. Онам битта қиз эмасми, бизникига тез-тез келарди.
Эшагидан тушмасдан «ниманг бор?», дер эди онамга. Суюқ овқат ичмас эди. Онам дарров бир тансиқ таомга уннарди. Бобом «бўлмаса керакмас, уринма», деб кетишга шайланса шартта анорни олиб эзарди-да, сувини пиёлага сиқиб тутарди. Эшагидан тушмасдан анор сувини симирган бобом бай-бай дея, димоғи чоғ бўлиб, йўлида давом этарди.












