Жаҳон | 07:51 / 02.11.2022
7800
2 дақиқада ўқилади

Исроилдаги сайловларда Нетаняхунинг партияси етакчилик қиляпти

Экзитполлар натижаларига кўра, Нетаняхунинг «Ликуд» партияси Исроилдаги парламент сайловларида амалдаги бош вазир Лапиднинг «Еш Атид» партиясидан олдинда. Бенямин Нетаняху ҳукумат раҳбари лавозимига қайтиши кутилмоқда.

Фото: Reuters

Исроилда 1 ноябрь, сешанба куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари парламент сайловларида собиқ бош вазир Бинямин Нетаняхунинг «Ликуд» партияси дастлабки маълумотларга кўра, биринчи ўринни эгаллади. Маҳаллий телеканалларнинг экзитполлари натижаларига кўра, у Кнессетдаги 120 мандатдан 30-31 та мандат олади.

Иккинчи ўринни амалдаги бош вазир Яир Лапиднинг «Еш Атид» партияси банд этган. Экзитполлар натижаларига кўра, у 22 тадан 24 тагача мандат олади. Безалел Смортич ва Итамар Бен-Гвирнинг ўта ўнгчи Диний сионизм партияси кейинги ўринларда бўлиб, парламентдаги 14-15 ўринни олиши тахмин қилинмоқда.

Dpa агентлигига кўра, Нетаняхунинг ўнг қанот диний лагери Исроилнинг вакиллик ва қонун чиқарувчи органида кўпчилик ўринни қўлга киритмоқда. Экзитполлар натижаларига кўра, бу гуруҳнинг сиёсий кучлари парламентдаги 61-62 ўринга ишониши мумкин.

Бу охирги уч ярим йил ичида Исроилда бешинчи парламент сайловидир. Маҳаллий вақт билан соат 19.00 (Тошкент вақти билан 22.00) ҳолатига кўра, уларда сайловчиларнинг иштироки 66,3 фоизни ташкил этди, бу 1999 йилдан бери энг юқори кўрсаткичдир. Якуний натижалар 3 ноябрдан кейин маълум бўлади.

Ўнг қанот консерватив мухолифат етакчиси, Исроилнинг собиқ бош вазири Бинямин Нетаняху ўта ўнглар ёрдамида ҳукумат раҳбари лавозимига қайтишга умид қилмоқда. Яир Лапиднинг ўнг ва чап томондаги кенг доирадаги партияларни ўз ичига олган лагери бунинг олдини олишга ҳаракат қилди. Нетаняхуга қарши жиноий иш очилган, у фирибгарлик, коррупция ва давлатга хиёнатда айбланмоқда.

Сайловнинг расмий натижалари эълон қилинганидан кейин Исроил президенти Ицхак Герцог ҳукуматни ким тузишини аниқлаши керак. Бу номзодга коалиция тузиш учун тўрт ҳафта вақт берилади.

Мавзуга оид