Жидда шаҳридаги Ўзбекистон Бош консулхонаси томонидан республика маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш мақсадида Макка шаҳридаги Golden Star компанияси бош директори Абдулмуъин Зурги билан учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё”.
Тадбирда Ўзбекистоннинг MMM Amin Bio компанияси томонидан ишлаб чиқарилаётган коллаген ва желатин маҳсулотлари намуналари ва тегишли сертификатлар нусхалари суҳбатдошга тақдим этилди.
Абдулмуъин Зурги ушбу маҳсулот сифатини юқори баҳолаган ҳолда, Саудия Арабистонидаги фармацевтика заводларига уларни етказиш бўйича ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирди.
Учрашув доирасида MMM Amin Bio компанияси вакиллари билан онлайн-музокаралар ўтказилди. Улар натижасига кўра, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга доир қатор келишувларга эришилди.












