Ўзбекистон | 16:13 / 02.11.2022
8998
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда ўқувчиларга бепул егулик бериш тўлиқ ташкил этилмаган. Ҳолат тендерлар ҳануз якунланмагани билан изоҳланмоқда

Бундан ташқари Хоразм вилоятида ҳам бу борадаги ишлар тўлиқ амалга оширилмаган. Ҳануз 6 фоиз мактаблар ўқувчилари бепул тушлик олишмаяпти. Ҳолат юзасидан текширув ўтказилади.

Шавкат Мирзиёевнинг махсус топшириғига асосан 1 ноябрь куни президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди ва унда халқ таълими соҳасида юзага келган муаммолар муҳокама қилинди. 

Йиғилишда берилган тезкор маълумотга кўра, давлат раҳбарининг Қорақалпоғистон республикаси ва Хоразм вилоятидаги бошланғич синф ўқувчиларига бепул тушлик етказиб бериш бўйича топшириғи тўлиқ бажарилмаган. Янги ўқув йилида Хоразм вилоятида кейтеринг усулида 1-4 бошланғич синф ўқувчилари учун бепул тушлик бериш 94 фоиз мактабларда йўлга қўйилган бўлса, Қорақалпоғистонда тендер танловларини ўтказиш давом этаётганлиги боис ушбу амалиёт ҳали тўлиқ йўлга қўйилмагани билдирилди.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси Қаҳрамон Сариевнинг маълум қилишича, тендер савдоларининг бир қисми якунланиб, 19 сентябрдан бошлаб айрим мактабларда бепул тушлик бериш бошланган. Фақат олис ҳудудлардаги мактаблар таъминоти муаммо бўлмоқда, бунинг ечими изланяпти. Бунинг учун октябрь ойида ҳам тендер танловлари давом эттирилган, тез орада охирги тендер савдолари ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Сардор Умрзоқов давлат раҳбарининг хайрли ташаббуси ижросига нисбатан масъулларнинг бундай сусткашликка йўл қўйгани учун эътироз билдирди. Гап бошланғич синф ўқувчиларининг овқатлари ҳақида кетаётганини, бу масалага панжа ортидан қараш мутлақо мумкин эмаслигини, давлат бюджетидан барча тегишли маблағлар ажратилиб, молиявий масала бирорта муаммо йўқлигини таъкидланди.

“19 сентябрь деяпсиз, ахир ўқув йили қачон бошланади? Наҳотки давлат раҳбарининг топшириғини мактаб даври бошлангунча йўлга қўйиб бўлмаса? Барча зарур маблағлар ажратиб берилган”, – деди администрация раҳбари.

Бепул тушлик тарқатилиши тўлиқ йўлга қўйилмагани юзасидан Халқ таълим вазирлиги, Бош прокуратура ҳамда Ҳисоб палатаси вакиллари иштирокида текшириш ўтказилиши ва натижаси бўйича ахборот бериш вазифаси юкланди.

Мавзуга оид