Ўзбекистон | 08:44 / 03.11.2022
2199
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасида янги халқаро шартнома тасдиқланади

Фото: Sputnik

Президентнинг “Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қарор лойиҳасидан кўзланган мақсад 2022 йил 21 июнь куни Тошкент шаҳрида имзоланган “Ўзбекистон ҳукумати билан Озарбойжон ҳукумати ўртасида ноқонуний миграцияга қарши курашишда ҳамкорлик қилиш тўғрисида”ги битимни тасдиқлаш ҳисобланади.

Мазкур ҳужжат Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппаратининг ва Вазирлар Маҳкамасининг топшириқларига мувофиқ, Озарбойжон президентининг Тошкент шаҳрига ташрифи доирасида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири даражасида имзоланган.

Битим преамбула ва 15 та моддадан иборат. Халқаро шартномага кўра, томонлар ўз давлатлари қонунчилиги ва халқаро мажбуриятларга мувофиқ ноқонуний миграция соҳасида ҳамкорлик қилади. 

Битим доирасидаги ўзаро ҳамкорлик қуйидаги йўналишларда амалга оширилади:

  • статистик, илмий-методик ва бошқа ўзаро манфаатларни ифода этувчи маълумотлар билан алмашиш;
  • бир томон давлати ҳудудига ноқонуний ташриф буюрган шахсларни аниқлаш ва ҳисобга олиш;
  • бир томон давлати ҳудудида топилган ёки ўлим билан боғлиқ бўлган бошқа бир томон давлати фуқароларини шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тўғридан тўғри томонлар давлатлари дипломатик ваколатхоналарига юбориш;
  • томонлар давлатлари фуқаролари ташриф буюрган жойи (турар жойи) бўйича миграцион ҳисобга қўйиш ёки рўйхатга олиш тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш.

Мазкур халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисидаги президент қарори лойиҳаси 4 та банддан иборат бўлиб, унда қуйидагилар:

  • юқоридаги битимни тасдиқлаш;
  • мазкур халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул бўлган Ўзбекистон ваколатли органи этиб ИИВни белгилаш;
  • Ташқи ишлар вазирлигига Ўзбекистон томонидан ушбу битим кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари бажарилгани ҳамда уни амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган белгилангани тўғрисида Озарбойжон томонига тегишли билдиришнома йўллаш назарда тутилган.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид