Ҳозирда ташкилот расмийлари ва аъзо давлатларнинг бир қатор вакиллари Ўзбекистонга етиб келиб, саммит олдидан ташкил этилган турли тадбир ва учрашувларда қатнашмоқда. Жумладан, ташкилот Бош котиби Боғдод Амреев айни кунларда Тошкентда бўлиб турибди.
Kun.uz мухбири имкониятдан фойдаланиб, Боғдод Амреевни интервью учун Kun.uz студиясига таклиф қилди.
— Туркий давлатлар ташкилотидан аввалги бирликда асосан мамлакатлар ўртасидаги маданий алоқаларга эътибор қаратиларди. Аммо биласиз, давлатларни фақат маданият ва тарих билан боғлаб туриш ривожланишини таъминлаш қийин.
Шу маънода, ўтган йилдан бошлаб, Туркий кенгаш энди катта бир ташкилотга айланди. Хўш, унинг фаолияти аввалгисидан аниқ қайси йўналишларда фарқ қилади ва ўзгариб бориши мумкин?

— Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши 2009 йилдан фаолиятини бошлаган. У аъзолар ўртасида сиёсий, иқтисодий, маданий, спорт ва ёшлар масалалари бўйича яқин ҳамкорликни таъминлаш мақсадида ташкил қилинган. 2021 йилда бу ташкилотнинг номи ўзгариб, Туркий давлатлар ташкилотига айланди. У бу ўзгариш билан янги бир куч олди, чунки ташкилот кенгашдан кўра кенгроқ тузилма. Бунда шунингдек, мен юқорида айтган ҳамкорлик йўналишлари ҳам бирмунча кенгайди. Янги аъзоларни қабул қилдик. Бунда масалан, 12 йил аввал биз тўрт аъзодан иборат эдик. Бугун эса кузатувчилар билан бирга етти аъзойимиз бор. ИншаАллоҳ, яқин орада биз саккизинчи давлат билан кенгаямиз.
— Ўтган йиллар давомида мазкур тузилма ҳамкорликни чуқурлаштириш асоси бўлмиш институционал механизмларни яратиш билан кўпроқ шуғулланди.
Ташкилот қачон ва қай ҳолатда реал интеграцион жараёнга айланиши мумкин?

— Туркий давлатлар ташкилотининг энг биринчи мақсади туркий дунёнинг интеграцияси. Биз бу йўлдаги ҳаракатларни 13 йил аввал бошлаганмиз, бир йил аввал эса бу йўлда янги қадамни қўйдик. Ўйлайманки, ташкилот йил сайин ўз доирасини кенгайтириб бормоқда.
Бизнингча, ташкилот доирасида бугун энг муҳими иқтисодий интеграция кучайиши керак. Бу йўлдаги ишлар давом этмоқда.


















