Президент матбуот хизмати хабар беришича, Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига етиб борган.
Давлат раҳбари сафарни бошлашдан аввал жорий йил феврал ойида вафот этган давлат ва жамоат арбоби Каллибек Камаловнинг хонадонига ташриф буюрди.

Президент марҳумнинг ҳаёт йўли, амалга оширган эзгу ишлари ҳамда эл-юрт равнақи йўлидаги хизматларини ёдга олди.
Шавкат Мирзиёев ўтганлар хотирасига эҳтиром кўрсатиш ва катталарни эъзозлаш ёш авлод учун ибрат эканини таъкидлади.

Каллибек Камалов кўп йиллар давомида Қорақалпоғистонда турли раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган. У ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, саноат ва қишлоқ хўжалигини тараққий эттириш ҳамда аҳоли турмуш шароитини яхшилашга ҳисса қўшган.
Кейинги йилларда Камалов нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси сифатида фаолият юритиб, кексаларни қўллаб-қувватлаш, жамиятда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва ёшлар тарбиясида иштирок этган.

Каллибек Камаловнинг хизматлари давлат томонидан «Шуҳрат» медали ва «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган.


















