ЖИБ Миробод туман судида Дониёр Турғуновга нисбатан юритилган жиноят иши юзасидан ёпиқ суд мажлиси ниҳоясига етди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2010 йилда туғилган Дониёр Турғунов Жиноят кодекси 104-моддаси 3-қисмининг «д» банди бўйича (жабрланувчининг вафотига сабаб бўлган даражада қасддан баданга оғир шикаст етказиш) айбдор деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 85-моддаси тартибида 2 йил-у 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Ҳукмга кўра, жазони ўташ муддати судланувчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган 2026 йил 27 феврал кунидан бошлаб ҳисобланади, яъни, маҳкум яна 1 йил-у 9 ой муддатни панжара ортида ўтказади.

Раислик қилувчи судя тарафларга ҳукм мазмуни, жиноят оқибатида ўтказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш масаласида фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи ҳамда суд ҳукмига нисбатан шикоят қилиш муддати ва тартибларини тушунтирган. 

Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 25 феврал куни Тошкент шаҳрининг Миробод туманида вояга етмаган Дониёр Турғунов BMW машинасида йўл-патрул хизмати инспектори Ҳосилбек Эшназаровни уриб юборганди. Инспектор оғир жароҳатлар оқибатида вафот этган.

Шундан сўнг Дониёр Турғунов қамоққа олинган ва унга Жиноят кодексининг 267-моддаси (автотранспорт воситасини олиб қочиш) ва 104-моддаси учинчи қисми «д» банди (одам ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан айб эълон қилинганди. Кейинроқ автомобилни олиб қочиш моддаси айбловдан чиқарилгани маълум бўлди.

Марҳум кичик сержант Ҳосилбек Эшназаров президент фармонига кўра, «Жасорат» медали билан мукофотланди ва унинг оиласига Тошкент шаҳридан 3 хонали квартира берилди